Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Қашқадарё вилояти ҳудудий бирлашмаси ва ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан 15 март - Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Истеъмолчилар ҳуқуқлари-қонун ҳимоясида” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари, федерациянинг таянч гуруҳлари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар, фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари, ваколатли давлат органлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Давра суҳбатида федерация тизимида амалдаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қонунчилик ижроси юзасидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида йиғилганларга батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этилдики, ҳисобот даврида Қашқадарё истеъмолчилар бирлашмаси ва унинг туман (шаҳар) жамиятлари томонидан жами 874 та мурожаат соҳалар кесимида кўриб чиқилиб, истеъмолчилар манфаатларига етказилган жами 2 миллиард сўмга яқин моддий ва маънавий зарарлар қайта ҳисоб-китоб қилиниши ва ундириб берилиши таъминланган.
Шунингдек, жорий йил давомида 109 та мурожаат юзасидан истеъмолчилар етказилган зарарларни ундириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилган ва истеъмолчилар манфаатларига етказилган 600 миллион сўмдан ортиқ зарарлар судлар орқали ундирилилиши таъминланган.
Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган жамоатчилик мониторинглари, аҳоли билан тўғридан-тўғри амалга оширилаётган мулоқотлар, истеъмолчиларни тўғри ва аниқ ахборотлар билан таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, шунингдек федерация тизимида истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлашда яратилган механизм ва шарт-шароитлар хусусида сўз борди.
Тадбир якунида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ижтимоий ҳаракатини ҳар томонлама ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун ННТ ҳодимлари ЎзННТМАнинг ташаккурномалар билан тақдирланди.
ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси