Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш жамоатчилик назоратининг шакллари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик назорати субъекти ҳисобланади.
Жамоатчилик назорати нима учун керак, у жамиятимиз, юртимиз ривожида қандай вазифани бажаради, бунда ННТларнинг иштироки қай даражада бўлиши керак? Шу каби саволларга Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари худудий бирлашмалари ходимлари учун ташкил этилган семинарда батафсил жавоб берилди.
Хусусан, бирлашманинг вилоят раиси У.Бойбулов “Ижтимоий шерикликнинг асосий таъмойиллари тўғрисида”, ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси бошлиғи И.Холматов “Жамоатчилик назоратининг асосий принциплари” мавзуида маърузалар қилишди.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятларини қўллаб қувватлаш" тўғрисидаги 414-сонли янги қарор лойиҳасига ўзгартириш ва таклифлар киритишнинг механизмлари тўғрисида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди.
Семинар якунида иштирокчилар истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишида жойларда жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича ҳаракат режаларини ишлаб чиқишди.