Давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишида давлат бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусига бағишланган мазкур давра суҳбати БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистонда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, Судьялар олий Кенгаши ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, жумладан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, “Мадад” нодавлат ташкилоти, “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси, “Юксалиш” умумхалқ ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ва бошқа ННТлари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Мазкур давра суҳбатини ташкил этишнинг мақсади – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида умумий мулоқот платформасини ўрнатиш орқали аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан муҳокамаларни ўтказиш ва бу орқали бир қатор муаммоларга ечим топишдир.
Тадбирда қайд этилишича, бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали фуқароларнинг давлат билан ўзаро самарали алоқасини таъминлаш, одамларнинг кайфиятини, мамлакатда кечаётган ўзгаришларга муносабатини аниқлашнинг муҳим воситаларидан бирига айланмоқда. Ўтган давр мобайнида мамлакатимизни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 200 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани ҳам бу соҳа ривожига бўлган катта эътиборни кўрсатади.
Давра суҳбатида таъкидланишича, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишда суд мустақиллигини таъминлаш, одил судловга эришиш, қонунийликни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирда судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолияти бўйича қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари ўрганилди.
Тадбирда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси К.Ишанходжаев инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда давлат органларининг фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисида маъруза қилди.
Таъкидладики, кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари, жумладан, болалар, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнаткаш-мигрантлар, уларнинг оила аъзолари ва одам савдосидан жабр кўрган шахслар, ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа аҳоли қатламларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ва нодавлат секторнинг ўзаро ҳамкорлиги кенгайди. Эътироф этишга сазовор бўлган ўндан ортиқ йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Қайд этиш лозимки, бу каби мулоқотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мавжуд камчиликларни давлат органларининг ваколатли вакилларига етказиш ва у орқали тегишли соҳаларнинг ислоҳ қилинишига хизмат қилади.
Давра суҳбати якунида тадбир иштирокчилари томонидан инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини янада таъминлаш орқали уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга суд жараёнларида тенг имкониятлар яратиш, вояга етмаган шахсларга нисбатан қонунчиликда имтиёзлар яратиш юзасидан таклифлар берилди.