Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси мажлислар залида ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқлари” хафталиги ҳамда 27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни муносабати билан “Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлиги” мавзусида семинар ўтказилди.
“Инсон ҳуқуқлари” хафталиги доирасида ҳуқуқий маърифат йўналишида ўтказиладиган тадбирларда жамоат ташкилотолари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштирок этишларини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалаларини кенг тарғиб қилиш орқали “Инсон хуқуқлари – олий қадрият” тушунчасининг ғоявий мазмун-моҳиятини атрофлича тушунтириш тадбирнинг асосий мақсади этиб белгиланди.
Шундан келиб чиқиб, тадбирда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қарори билан Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ҳамда уни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланганлигини, унга кўра, таълим тизимида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув ва махсус курслар жорий этилиши, ҳар йили “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги таълим ва инновациялар” миллий танлови ўтказилиши, раҳбар кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича ўқув курслари жорий қилиниши каби бир қатор вазифалар белгиланлигини қайд этишди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ҳозирда мамлакатимизда “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Семинарда бугунги шиддатли ислоҳотлар жараёнида жамоат ташкилотлари нафақат ушбу ҳафталик доирасида, балки мунтазам равишда давлат бошқаруви органлари, айниқса таълим соҳаси вакилларининг энг яқин кўмакчиси бўлиши зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, тадбирда 27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни муносабати билан вилоятда фаолият юритаётган бир гуруҳ ННТлар вакиллари ЎзННТМАнинг фаҳрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси