Айни кунларда Москава шаҳрида “Ақлли цивилизация” автоном нотижорат ташкилоти ва Россия давлат гуманитар университети томонидан "Ақлли цивилизация: инсон, қадриятлар, таълим, технология ва дунёнинг келажаги" мавзусида халқаро илмий футурологик Форум бўлиб ўтмоқда.
Форумда Бразилия, Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Африка ҳамда МДҲ давлатлари нодавлат нотижорат ташкилотлари, академик доира вакиллари, ёшлар жами 180 киши иштирок этмоқда.
Ўзбекистондан ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Ж.Болтаев, Россия олий ўқув юртларининг ўзбекистонлик битирувчилари Республика нодавлат жамоат бирлашмаси директори М.Мамадалиева, "Юксак салоҳият" ННТ Фарғона филиали директори З.Ахунова ва Тошкент ахборот технологиялари университети "Медиамарказ" директори Ш.Жолдасовлар ўз маърузалари билан қатнашмоқда.
Форум ишида МДҲ доирасидаги ҳамкорлик имкониятлари, нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш йўллари, учинчи сектор, университетлар ва инновацион компаниялар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, Россия ва дунёдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ишидаги тенденциялар, ёшлар нодавлат нотижорат ташкилотлари ва халқаро жамоат лойиҳалари, космик ва авиация саноатини ривожлантиришда учинчи секторнинг роли ҳамда халқаро спорт жамоат лойиҳалари атрофлича муҳокама этилади.