Инновацион муҳим лойиҳалар иқтисодиётни янгилаш, мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва қуриб битказилган янги саноат мажмуалари билан танишиш мақсадида 28 декабрь куни ушбу вилоятга ташриф буюрди.
 
Давлатимиз раҳбари “Навоийазот” акциядорлик жамиятида поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси очилишига бағишланган тантанали маросимда иштирок этди.
 
Президентимиз йиғилганларни яқинлашиб келаётган Янги йил байрами билан табриклаб, ушбу лойиҳанинг рўёбга чиқишига ҳисса қўшган қурувчи ва кимёгарларга ҳамда чет эллик ҳамкорларга миннатдорлик билдирди.
 
– Бундай муҳим, замонавий ва инновацион лойиҳалар Навоий вилояти иқтисодиёти ва унинг «локомотиви» бўлган саноат соҳасини янгилаш, қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли ва бюджет даромадларини жадал оширишга хизмат қилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
Кейинги йилларда эртанги кунни ўйлаб қабул қилинган истиқболли режалар самарасида Навоий жадал янгиланиб бораётган илғор вилоятлар қаторидан жой олди. Буни аниқ рақамлар ҳам яққол тасдиқлайди.
 
Бугунги кунда мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган саноат маҳсулотларининг 10 фоизи айнан Навоий вилояти ҳиссасига тўғри келади. Вилоят аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ҳудудий маҳсулот, инвестиция, саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлар бўйича мамлакатда биринчи ўринни эгаллайди. Хизматлар ва чакана савдо бўйича пойтахтимиздан кейин иккинчи ўринда туради.
 
Вилоятда жорий йилда умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард доллар бўлган 7 та давлат аҳамиятига эга ва 360 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқарилди. Хусусан, ишга туширилган ва амалга оширилаётган йирик лойиҳалар орасида “Навоийазот” акциядорлик жамиятининг 1,7 миллиард долларлик 3 та лойиҳаси алоҳида ўрин тутади.
 
Ушбу лойиҳаларнинг биринчи – поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуасининг очилиши мамлакатимизда мазкур турдаги маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни таъминлашда муҳим қадам бўлди.
 
Мажмуани барпо этиш, энг замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозлашга 500 миллион доллар инвестиция сарфланди. Бу ерда йилига 100 минг тонна поливинилхлорид, 75 минг тонна каустик сода, 300 минг тонна метанол ишлаб чиқарилади.
 
Бу маҳсулотларга автомобилсозлик, тўқимачилик, металлургия, кимё, нефть-газ тармоқлари, электр техникаси ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда, айниқса, талаб юқори. Улар шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилинар эди. Жорий йилнинг январь – ноябрь ойларида қиймати 86 миллион 400 минг долларлик қарийб 90 минг тонна поливинилхлорид импорт қилинган. Янги корхона ишга туширилгач, энди шунча маблағ ўзимизда қолади.
 
Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси юртимиз корхоналарини зарур хомашё билан таъминлайди. Шунингдек, ҳар йили 40 миллион долларлик маҳсулотни экспорт қилиш режалаштирилган. Янги мажмуада 900 дан зиёд иш ўрни яратилди.
 
Ушбу лойиҳа Хитойнинг “China CAMC Engineering Co., LTD” ва “HQC Shanghai Company” компаниялар консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилди.
 
“Навоийазот”да яқин вақт ичида қиймати 217 миллион доллар бўлган янги замонавий азот кислотаси ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш бўйича иккинчи лойиҳа якунланади.
 
Давлатимиз раҳбари «Навоийазот» акциядорлик жамиятидаги учта йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш осон бўлмаганини қайд этди.
 
– Ҳар қанча қийин бўлмасин, катта марраларни мақсад қилиб қўйиб, ташаббус кўрсатиб, фидойилик билан меҳнат қилсак, албатта, уларга эришамиз, – деди Президент.
 
Шавкат Мирзиёев Навоий вилоятининг салоҳияти бундан-да юқори экани, уларни ишга солиш учун зарур шароит ва мутахассислар етарли эканини қайд этди.
 
– Саҳро бағрида Навоий ва Зарафшон каби шаҳарларни, саноат минтақасини барпо этган вилоятнинг меҳнаткаш, мард ва олижаноб аҳолиси янги Ўзбекистон ривожига катта ҳисса қўшишига ишонаман, – деди давлатимиз раҳбари.
 
Президент рамзий тугмани босиб, корхонани ишга туширди.
 
Маросимда “China CAMC Engineering Co., LTD” инжиниринг корпорацияси вице-президенти Ванг Юханг, меҳнат фахрийси Раҳмат Омонов, “Навоийазот” АЖ Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Толмас Рўзимуродов, “Полипропилен қувурлар” корхонаси раҳбари Мадия Сабитова ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишга туширилган мазкур янги мажмуа мамлакатимиз саноатини ривожлантиришда улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.
 
Президентимиз “Навоийазот” акциядорлик жамиятида барпо этилаётган аммиак ва карбамид ҳамда азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилишини кўздан кечирди.
 
“Навоийазот” акциядорлик жамияти мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги, нефть-газ тармоғи, энергетика ва тоғ-кон саноатига 70 дан ортиқ турдаги маҳсулот етказиб берувчи йирик корхоналардан биридир. Юқори саноатлашган маҳсулотлар ушбу тармоқлар эҳтиёжини қоплаш билан бирга, экспортга ҳам йўналтирилмоқда. Бугунги кунда жамият таркибидаги корхоналарда қарийб 9 минг ишчи-муҳандис меҳнат қилади.
 
Корхонанинг рақобатбардошлигини ва қувватини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш мақсадида бу ерда учта йирик инвестицион лойиҳа режалаштирилган эди.
 
Давлатимиз раҳбари шулардан иккитаси – аммиак ва карбамид ҳамда азот кислотаси ишлаб чиқариш корхоналари қурилишини кўздан кечирди.
 
Биринчи лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлиб, унинг самарасида йилига 660 минг тонна аммиак ва 580 минг тоннадан зиёд карбамид олиш имконияти яратилади. 500 га яқин иш ўрни пайдо бўлади. Корхонани келаси йили ишга тушириш, йилига 136 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.
 
Япониянинг «Mitsubishi Heavy Industries» ва «Mitsubishi Corporation» компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда қурилаётган янги корхонада замонавий технологиялар қўлланиши эвазига йилига 735 миллион киловатт-соат электр энергияси тежалади, атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид газлари миқдори ҳам камаяди.
 
Президентимиз корхонанинг ишчи-муҳандислари билан суҳбатлашди. Бундай ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳимлигини, юқори самарадорлиги билан кўплаб тармоқларга, халқимизга катта манфаат келтиришини таъкидлади.
 
«Навоийазот»да қурилаётган яна бир йирик корхона – азот кислотаси ишлаб чиқариш мажмуасидир. Умумий қиймати 217 миллион долларга тенг ушбу объект Швейцариянинг “CASALE SA” компанияси билан ҳамкорликда бунёд этилмоқда. Корхона йилига 500 минг тонна маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бўлади. Ҳозирги кунда ускуна ва жиҳозлар ўрнатилиб, қурилиш-монтаж ишлари якунланмоқда. Уни 2020 йил февраль ойида ишга тушириб, март ойида биринчи маҳсулот чиқарилиши режалаштирилган.
 
Шу тариқа 55 йил олдин қурилган, ҳар томонлама эскирган азот кислотаси цехлари фойдаланишдан чиқарилади. Энг муҳими, 1 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш учун электр энергияси сарфи 18 баробар камаяди, ҳавони ифлослантирадиган 150 минг тонна газ тутиб қолинади.
 
Давлатимиз раҳбари бу омиллар Навоий вилояти экологияси, ҳаво мусаффолиги, аҳоли саломатлиги учун ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
 
Айтиш жоиз, дунёда бу турдаги заводлар фақат икки давлатда – Франция ва Чехияда мавжуд. “Навоийазот”да барпо этилаётгани учинчисидир.
 
Мазкур объект қурилиши 2016 йил декабрь ойида бошланган эди. Ҳозирда лойиҳалаш, ускуна ва жиҳозларни олиб келиш, қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунланган.
 
Лойиҳа доирасида созлаш ишлари 2020 йил февраль ойида якунланиб, дастлабки маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Корхона тўла қувват билан иш бошлагач, бир кеча-кундузда 1,5 минг тонна маҳсулот тайёрланади.
 
Мазкур корхона ҳам энг сўнгги технологиялар асосида барпо этилмоқда. Азот ишлаб чиқариш бўйича эски корхонада ўнта агрегатда йилига 320 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқарилган бўлса, янги заводда битта агрегатнинг ўзида 500 минг тонна маҳсулот тайёрланади. Бу ҳам мажмуанинг технологик имкониятлари анча юқори эканидан далолатдир.
 
2019 йил август-сентябрь ойларида “CASALE SA” компанияси мутахассислари томонидан “Навоийазот” АЖнинг ушбу лойиҳада ишлаш учун танланган 80 нафар мутахассиси ўқитилди. 18 нафар мутахассис 2020 йил январь ойида Франциядаги шундай заводда малака оширади.
 
Ривожланаётган давлатларнинг иқтисодий барқарорликка эришишида эркин иқтисодий зоналарнинг ўрни катта. Бу каби зоналар аҳамияти мамлакат тараққиётининг иқтисодий, ижтимоий, демографик мезонлари билан белгиланади. Бугунги кунда мамлакатимизда “Навоий”, “Ангрен”, “Жиззах”, “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналари фаолият юритмоқда.
 
Жаҳон стандартларига жавоб берадиган, замонавий, юқори технологияли маҳсулот ишлаб чиқариш мақсадида юртимизда биринчилардан бўлиб “Навоий” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилган эди. Бугун бу ерда Жанубий Корея, Буюк Британия, Италия, Хитой, БАА, Ҳиндистон, Сингапур, Россия давлатлари билан ҳамкорликда истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. ЭИЗ ҳудудида жойлашган корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш йўлга қўйилган.
 
Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида инвестицияларни фаол жалб қилиш учун қулай шароитлар яратиш, рақобатбардош янги замонавий ишлаб чиқаришлар ва кичик корхоналарни ривожлантиришнинг янги тизими яратилди. Шунингдек, уларни қўллаб-қувватлаш, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси ташкил этилган алоҳида ҳудудларда жойлаштириш, ишлаб чиқариш соҳасида янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш механизмлари ишлаб чиқилди.
 
Маълумки, давлатимиз раҳбари 2018 йил 2 март куни Навоий вилоятига ташрифи чоғида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида истиқболдаги режалар тақдимоти билан танишган эди. Тақдимотда давлатимиз раҳбарига 2017-2019 йилларда 32 лойиҳа амалга оширилиб, 1650 дан зиёд иш ўрни яратилиши, бунда электротехника, фармацевтика ва тиббий буюмлар, машинасозлик ва автомобилсозлик, қурилиш материаллари, кимё ва нефть кимёси маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўзда тутилгани ҳақида маълумот берилган эди.
 
Президентимиз жорий йил 13 март куни мазкур ҳудудга навбатдаги ташрифи чоғида Навоий вилоятини эркин иқтисодий зонага айлантириш ташаббусини илгари сурди.
 
Бу галги ташрифда давлатимиз раҳбари ана шу ташаббус ва лойиҳаларнинг амалга оширилиши билан қизиқди.
 
2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, иқтисодий зонада умумий қиймати 276,2 миллион долларлик 39 корхона фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида иқтисодий зонада 27 янги тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтган ва улар томонидан жалб этилган инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 437 миллион долларни ташкил қилади. Ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг сони эса 66 тага етди.
 
“Навоий” ЭИЗнинг умумий майдони 564 гектар. “Навоий” халқаро аэропорти, Е-40 автомагистрали ва халқаро аҳамиятдаги темир йўлга яқин жойлашгани, Навоий вилоятининг мултимодал транспорт-логистика тармоғидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги қўшимча қулайликлар яратади.
 
– Вилоятда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш, янги иш ўринлари яратиш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш учун барча шароит мавжуд. Иқтисодиётни ривожлантиришдаги долзарб вазифаларни амалга оширишда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини жадаллаштириш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.
 
Албатта, инвестицияларни жалб қилишда, инвесторлар учун қулай шарт-шароит яратишда эркин иқтисодий зоналар фаолияти алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 майдаги “Навоий вилоятини инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона сифатида белгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим қадам бўлди.
 
Навоий вилоятида инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича инвестиция дастурларини амалга ошираётган корхоналарга “Навоий” эркин иқтисодий зонаси иштирокчиси мақоми берилади. Табиийки, бундай ишлаб чиқарувчилар эркин иқтисодий зона иштирокчиси учун белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан фойдаланади.
 
Президентга “Навоий” эркин иқтисодий зонасида истиқболда амалга ошириладиган янги лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
 
Давлатимиз раҳбари “National plast” масъулияти чекланган жамияти томонидан саноатнинг янги тармоғи ПВХдан профил ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш жараёни билан танишди.
 
Мазкур корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар қурилиш бозорида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлиб бормоқда. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 10 минг тоннадан ортиқ. Корхонада 400 дан кўпроқ янги иш ўрни яратилди.
 
Президент Шавкат Мирзиёев корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
 
– Бу каби корхоналарни қуришда биринчи навбатда сифатга эътибор қаратиш керак. Бинолари ихчам бўлса ҳам, асосан, жаҳон талабларига жавоб берадиган маҳсулот ишлаб чиқариш муҳим, – деди давлатимиз раҳбари.
 
Асосий материал экологик тоза ва хавфсиз пластик хомашё ҳисобланади. Барча хомашё ресурслари Италиянинг замонавий техникалари асосида тўлиқ автоматлаштирилган тартибда амалга оширилади. Натижада экстузия жараёни учун тайёр полимер вужудга келади. Экструдер қурилмалари ёрдамида полимер қоришма юқори ҳароратда катта босим остида ҳайдалиб, полимер қоришмадан пластмасса ҳосил бўлади. Айни пайтда корхонада 44 экстузия линияси ишлаб турибди.
 
Профилларга қолип ва кабель ёрдамида шакл берилади. Ушбу маҳсулотлар юқори сифати ва турли шароитларга ўта чидамлилиги билан ажралиб туради.
 
Президентга корхона лойиҳасининг иккинчи босқичи ҳақида маълумот берилди. 2020 йилнинг учинчи чорагида фойдаланишга топшириладиган ушбу лойиҳа натижасида 40 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш, 10 миллион долларлик маҳсулотни эса экспорт қилиш режалаштирилган.
 
Шунингдек, иқтисодий ҳудудда “Green Line Profil” масъулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам давлатимиз раҳбари эътиборида бўлди.
 
Корхона томонидан алюмин профил ва алюмин маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Умумий қиймати қарийб 40 миллион доллар бўлган мазкур корхона 2018 йилда ишга туширилган. 650 иш ўрни яратилган. Жорий йилда 18,6 минг тонна маҳсулот тайёрланди ва 10 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Янги йилдан ишлаб чиқариш ҳажмини 22 минг тоннадан ошириб, экспорт миқдорини 14 миллион долларга етказиш режалаштирилган.
 
Ишлаб чиқарилган маҳсулотлар МДҲ давлатлари, Украина, Литва, Польша, Чехия, Германия, Канада, АҚШ ва бошқа хорижий мамлакатларга экспорт қилинмоқда.
 
Корхонанинг алюминий эритиш цехида автоматик кўтарилувчи 15 ва 30 тонналик печлар бўлиб, уларда ўртача 700-750 даража ҳароратда эритилади. Шундан сўнг суюқ металл қуйиш столи орқали ўртача бир соатда қуйилади.
 
Қуйиш цехидан чиққан алюминий биллетлар (ярим тайёр маҳсулот) турли профиллар ишлаб чиқариш учун экстузия цехига йўналтирилади. Ҳозирги кунда 4000, 2000, 1000 тонналик пресслар ишлаб турибди. Ушбу технологиялар замонавий ва тежамкорлиги бўйича Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
 
Давлатимиз раҳбари мазкур корхонанинг иш жараёни, маҳсулотлар сифатини кўздан кечирди. Импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришни кенгайтириб, аҳолини арзон ва сифатли қурилиш материаллари билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.
 
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи якунланди.