Ҳинд маданият марказида учрашув

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда ҳар иккала ташкилотнинг ўзаро амалга оширадиган янги лойиҳалари, келгусидаги ишлари муҳокама қилинди, муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси раиси Насимжон Алимов сўзга чиқиб, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази фаолияти, Ўзбекистон-Ҳиндистон давлатлари ўртасидаги узоқ тарихга эга маданий, илмий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий алоқаларнинг бугунги ҳолати ҳақида ўз фикрларини эътироф этди.

Учрашувда Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази директори, профессор Чандер Шекхар ўзбек ва ҳинд халқлари азалдан ўзаро дўст, ҳамкор бўлганини, айниқса, санъат, маданият соҳаларида яқин алоқалар йўлга қўйилганини таъкидлади. Икки мамлакат маданият ва санъат вакиллари Ҳиндистонда ва Ўзбекистонда ўтказиладиган турли кўргазма ва фестивалларда иштирок этиши анъана тусини олган.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Лаъл Баҳодир Шастри номидаги Ҳиндистон маданият маркази мамлакатимизнинг қатор вазирлик ва идоралари, олий ўқув юртлари, ҳинд тилига ихтисослашган мактаблар ва қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари билан изчил ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бу каби ўзаро ҳамкорлик, дўстлик алоқалари келгусида ўзининг ижобий самараларини бериши шубҳасиз.