Имконияти чекланганлар учун замонавий воситалар тақдим этилди

Жорий йилнинг 8 ноябрь куни юртимизга Хитойнинг Ногиронлар федерациясидан бир гуруҳ вакиллар ташриф буюрди. 

Ушбу ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Хитой халқ республикаси Ногиронлар уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда соҳага оид билим ва амалий кўникмаларни алмашинишдан иборатдир. 

Мазкур ташриф давомида ЎзННТМА вакиллари ташкилий масалаларни ҳам ўртага ташлади. Жумладан, Хитойнинг Ногиронлар федерацияси томонидан хайрия мақсадида 39 минг АҚШ долларилик ногиронлик аравачалари, кўриш имконияти чекланганлар учун махсус соатлар, эшитиш мосламалари  ва шунга ўхшаш ногиронлар учун зарур бўлган 7 турдаги 1400 дона маҳсулотлар Ўзбекистон ногиронлар жамиятига хайрия ёрдами сифатида тақдим этилди.

Ушбу ташриф давомида ҳар икки томон вакиллари эътироф этишганидек, соҳадаги ҳамкорлик алоқаларининг кенгайиши ва мустаҳкамланиши энг аввало соҳада янги тенденцияларни амалга ошириш, имконияти чекланганлар учун замонавий воситаларни етказиб бериш, уларнинг яширин истеъдодларини кашф этиш ва жамиятдаги фаоллигини ошириш устувор вазифа ҳисобланади.