23 август куни Ўзбекистонда оила ва аёллар масалалари бўйича фаолият олиб борувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари форуми ташкил этилди. Форум вазирлик ва идоралар, бизнес сектор ва илмий доира, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан етакчи ва тадбиркор аёллар, фуқаролик жамияти фаоллари ва экспертларнинг 100 дан зиёд вакилларини бир майдонга жамлади.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси ҳамда Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида ташкил этилди.
Форум дастуридан миллий тажриба тақдимотлари ва ялпи сессиялар билан бир қаторда интерактив форматдаги тадбирлар – аёллар нодавлат нотижорат ташкилотларининг муваффақият тарихи ҳикоялари, “The World Cafe” форматидаги гуруҳ муҳокамалари ва бошқалар ўрин олди. Сўзга чиққанлар оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини кучайтириш, уларнинг хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасидаги ютуқ ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бу борадаги илғор тажриба ва инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратди. Нодавлат нотижорат ташкилотларининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги амалий ишлари эътироф этилди.
Таъкидланганидек, хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш иқтисодий ўсишни жадаллаштиришда ва ижтимоий тараққиётга кўмаклашишда муҳим роль ўйнайди. Хотин-қизлар таълим олиш ва ресурслардан фойдаланиш орқали ҳаёт сифатини яхшилаши мумкин.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглиги “тақиқланган мавзулар” рўйхатидан чиқарилди. Таркибий ва институционал ўзгаришлар давом этмоқда, қонунчилик такомиллаштирилмоқда. 2019 йилда ушбу йўналишда сезиларли ўзгаришлар юз берди. Гендер тенглигини таъминлаш комиссияси тузилди, иккита асосий ҳужжат – Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги ҳамда Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги Қонунлар кучга кирди.
Қонунчилик палатасидаги депутатлик ўринларининг 32 фоизини хотин-қизлар банд этгани ҳам уларнинг жамият-сиёсий ҳаётдаги ўрни ва мавқеи тобора ортиб бораётганидан далолатдир. Парламентлараро Иттифоқнинг “Сиёсатдаги аёллар” жаҳон рейтингида Ўзбекистон 45-ўринни эгаллади. Бу кўрсаткич бўйича мамлакатимиз нафақат Марказий Осиёдаги қўшнилари, балки Германия, АҚШ, Канада, Австралия каби давлатлардан ҳам олдинда.
2023 йилда аёллар ва болаларни ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлашга қаратилган Қонуннинг қабул қилингани катта ютуқларимиздан бири бўлди. Эндиликда Ўзбекистонда оилавий зўравонлик маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Бундан ташқари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилдан нодавлат секторда банд бўлган аёлларнинг “туғруқ таътили”нинг бир қисми давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Бу мақсадлар учун 170 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Ушбу янгиликнинг аҳамияти катта, чунки нодавлат секторда аёлларнинг улуши деярли 60 фоизни ташкил этади. Янгидан қабул қилинган Меҳнат кодексида аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи 20 дан ортиқ янги нормалар мавжуд.
Яна бир ўзгаришлардан бири бу – хотин-қизларнинг касб-ҳунар ёки олий таълимга қамровини кенгайтириш билан боғлиқ. Жорий ўқув йилидан бошлаб олий таълим ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига тўлов асосида ўқишга кирган қизларга фоизсиз кредит берила бошланди.
Ютуқлар билан бирга, ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Хусусан, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача гендер тенглигига эришиш стратегияси доирасида ҳаётнинг барча жабҳаларида, жумладан, иқтисодиёт, сиёсат, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа соҳаларда хотин- қизларнинг ҳолатини яхшилаш вазифа бўлиб турибди. Бунда оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни катта.
Ялпи сессиялар ва гуруҳларда ишлаш натижалари бўйича хотин-қизларнинг фаоллигини ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий соҳалардаги ролини янада ошириш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларини амалга ошириш, аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳияти, уларнинг давлат органлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Форум Ўзбекистондаги аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасида алоқалар ўрнатиш ва ҳамкорликни ривожлантириш майдончасига, ижтимоий муаммоларни самарали ҳал этиш ва умумий мақсадларга эришишга ҳисса қўшадиган, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини кучайтиришга, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга туртки бўлди.
Маълумот учун: Ўзбекистон аёллар нодавлат нотижорат ташкилотлари форумини ташкил этиш “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида кўзда тутилган эди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати