Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг 2023 йил якунларига бағишланган ҳисобот йиғилиши ташкил этилди

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг йиллик ҳисобот учрашуви ташкил этилди.

Тадбир олдидан, иштирокчилар Жазони ижро этиш департаменти фаолияти, яратилган шароитлар ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар, шунингдек, тизимда амалга оширилган ишлар, ишлаб чиқариш салоҳиятлари, маҳкумларнинг шароитлари ва соҳа ислоҳотлари ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Кенгаш йиғилишида Жамоатчилик кенгаши раиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев 2023 йил давомида Ички ишлар вазирлиги тизимида амалга оширилган ишлар, ўтказилган тадбирлар натижадорлиги, шунингдек Кенгаш фаолиятини янада ривожлантириш ҳақида фикр юритиб, Жамоатчилик кенгаши томонидан билдирилган таклифлар муҳокама этилди.

Кун тартибига биноан Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг фаолияти ҳақида ҳисобот тингланди.

Маълум қилинишича, ўтган даврда ИИВ Ахборот хизмати ва унинг қуйи хизматлари томонидан мамлакатимиз ОАВ ва интернет тармоқларда ички ишлар органлари фаолиятига оид жами 161 690 та ахборот тарқатилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоизга ошган (Улардан, телевидениеда – 13265, радиода – 7898 та, босма нашрларда – 5186 та ҳамда интернет тармоқларида – 135341 та). Хорижий ОАВда Ўзбекистон ички ишлар органлари фаолияти билан боғлиқ 94 та ахборот эълон қилинган.

Тегишли медиа-режалар асосида 345 та пресс-тадбирлар (брифинг, матбуот анжуман, пресс-тур ва бошқалар) ўтказилиб, шундан, 14 таси Вазирлик соҳавий хизматлари, 331 таси ҳудудий ИИО раҳбарлари иштирокида ташкил этилган.

Шу билан бирга, алоҳида вазиятлар ёки шов-шувли ҳолатлар юзасидан Ички ишлар органларининг соҳавий раҳбарлари томонидан ОАВ да жами 1 827 маротаба чиқишлари ташкил этилган.

Ҳозирда, ИИВ Ахборот хизмати ҳамда Ўзбекистон МТРК ва Миллий медиа ассоциацияси билан келишувлар асосида, тизим фаолиятига оид 16 та кунлик ва ҳафталик махсус кўрсатув ҳамда дастурлар намойиш этилмоқда.

Ижтимоий тармоқлар орқали аҳолини турли қатламини қамраб олиш мақсадида ИИВ Ахборот хизмати томонидан 11 та авторлик кўрсатув тайёрланади. Бир нечта давлат ва хусусий киностудиялар билан ҳамкорликда тизим имижини ошириш борасида амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Албатта таъкидлаш ўринли, тизим имижини шакллантириш, ходимларнинг хизмат интизомига риоя этишларини назорат қилиш, шунингдек уларнинг маънавий дунёқарашини бойитишда Вазирлик томонидан ўтказиладиган маънавий–маърифий тадбирларнинг алоҳида ўрни бор.

Йиғилиш давомида вазирлик Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти масъуллари томонидан мазкур йўналишдаги ишлар, кадрларни ишга қабул қилиш, номзодлар билан ўтказиладиган синовлар ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бошқармаси масъуллари ҳам айни пайтда келиб тушган мурожаатларнинг ечими, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш тартиби ҳақида аниқ маълумотлар келтириб, бунда кенгаш фаолиятининг самарадорлиги ҳақида фикр билдиришди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган ҳисобот учрашуви давомида кенгаш аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.

Йиғилиш сўнгида Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси, кенгаш раисининг ўринбосари генерал-полковник Зокиржон Алматов сўзга чиқиб, аввало Ички ишлар органларининг янада халқчил тузилмага айланишида кенгаш аъзоларининг меҳнати катта эканлигини, жиноятчиликни барвақт олдини олиш ҳамда ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига қаратилган ишларни олиб боришда жамоатчилик аъзоларининг салоҳияти катта эканлигини эътироф этиб, келгусида режалаштирилган ишлар ва тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Кенгаш аъзолари шу куни янгидан бунёд этилган “Ички ишлар органлари тарихи музейи”да бўлишди.

Узоқ тарихни ўзида мужассам этган мажмуада айни пайтда 4 мингдан ортиқ экспонатлар жой олган. Музейда ташкил этилган мард ўғлонлар хотираси мангу барҳаёт, тарих ва бугун каби бурчаклар меҳмонларда айниқса, чуқур таассурот қолдирди.

Тизим тарихини ўрганиш ва сабоқ чиқариш ўсиб келаётган ёшлар учун чинакам ҳаёт мактаби бўлиши, юртга садоқат ва мардлик ғояларини шакллантиришда муҳим восита эканлиги таъкидлаб ўтилди.

“Ички ишлар органлари ўзида жуда катта тарихни жамлаганини халқимиз яхши билади. Очиғи янги музейга биринчи бор ташриф буюряпмиз, турли даврларда хизмат қилган ходимларнинг машаққатли меҳнати, улар босиб ўтган шонли йўл келажак авлод учун чинакам ҳаёт мактаби эканини алоҳида таъкидламоқчиман. Бугун Ички ишлар органларида янгиланиш ва ислоҳотлар даври бошланган, буни ҳамма соҳада кўришимиз мумкин. Музейнинг яна бир аҳамиятли томони барча фуқароларимиз учун очиқлиги, халқимиз фидоий ва заҳматкаш ходимларнинг кеча ва бугуни ҳақида барча қизиқарли маълумотга эга бўлишлари мумкин” – дейди ИИВ ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим.

Мухтасар айтганда, ўтказилган ҳисобот йиғилиши вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолиятини янада яхшилаш ва бу борада аниқ таклиф ҳамда тадбирларни амалга оширишда муҳим восита бўлиб хизмат қилади.

ИИВ Ахборот хизмати