Грант лойиҳаси доирасида 325 нафар беморлар ҳаёти сақлаб қолинди

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) ҳузуридаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб – қувватлаш фонди томонидан 2021 йил охирида 4 йўналишни ўзига қамраган грант танлови эълон қилинган бўлиб, мазкур танловда Республика миқёсида 400 дан ошиқ таклифлар келиб тушди. Аҳамиятли жиҳати улар орасидан ғолиб деб топилган 120 та ижтимоий лойиҳа орасида Сурхондарёда фаолият олиб бораётган 8 та нодавлат ташкилотларининг лойиҳалари ҳам ғолиб бўлди. Улар жорий йил бошида амалиётга киришган бўлса, бугунда уларнинг бир нечтаси ўз самарасини бера бошлади.

Бунга ёрқин мисол сифатида, Ўзбекистон Қизил Ярим Ой жамияти Сурхондарё вилоят ташкилотининг “Беғараз донорлик-ҳаётбахш куч” лойиҳасини келтириш мумкин. Мазкур лойиҳа вилоятда донорликни қўллаб -қувватлаш, уларнинг сонини ошириш орқали инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдек муҳим масалаларни қамраб олди.

Лойиҳа доирасида вилоятдаги 6 та Олий таълим муассасаларидаги талаба -ўқитувчилари орасида донорликнинг афзалликлари ва унга оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича маълумотлар бериш билан бир қаторда, мазкур соҳадаги дунё тажрибасини кенг тарғиб қилиш орқали вилоятдаги кўнгилли донорлар сонини ошириш ишлари олиб борилди.

Бугун лойиҳа якуни бўйича жуда катта самарали натижаларга эришилгани, грант маблағи бесамар кетмаганлигини лойиҳанинг якуний натижалари орқали ҳам кўришимиз мумкин.

Аввало, вилоят қон қуйиш марказига грант маблағи ҳисобидан қонларни сақлаш учун музлаткич, қон сақланадиган хона хароратини бир маромда ушлаб туриш учун кондиционер ҳамда қон компонентларини ажратувчи центрафуга аппарати сотиб олинди.

Бундан ташқари лойиҳа доирасида 452 нафар фуқаро донор сифатида қон топширган бўлса, 325 нафар қонга эҳтиёжи бўлган беморларга қон плазмалари бепул берилди. Натижада уларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳиссаси қўшилди. Бундан ташқари тарғибот ишлари натижаси ўлароқ ихтиёрий равишда доимий қон топширувчилар сони ортиб, вилоят қон қуйиш марказида 127 нафар фуқаронинг қони захира учун олинди.

—Лойиҳани  ҳар томонлама ўрганиб, ҳамкорлар билан келишган ҳолда ишлаб чиққан бўлсакда, лекин бир инсонни донорликка ундаш уни қон топширишга кўндириш қай даражада қийинлигидан озроқ ховотирга ҳам тушдик, - дейди лойиҳа тренери Толибжон Жўраев. —Чунки биз лойиҳа якунида грант маблағлари бесамар кетмаслиги ва кўзланган мақсадимизга эришишимиз қай даражада муҳимлиги масъулияти остида иш бошладик. Лекин якунда бизни қувонтирган холат шу бўлдики, тарғибот ташвиқот ишларини олиб бориш жарёнида мақсадли гуруҳимиз орасида донорлик бўйича етарли билим ва тушунчаларни шакллантира олдик, уларда донорликни қўллаб-қувватлашига эришдик, муҳими уларни ҳар бир тадбирда қизиқиши ортиб бораётганнини улар томонидан берилайтган саволлари орқали англаб олиш қийин бўлмади. Ҳурсанд қилгани тарғибот тадбирларидан кейин донорликка қон топширишга келувчилар сони секин-аста ошиб бораверди, ҳайратланарлиси бир сафар 10 дан ошиқ талаба қон топширишга келганига ҳам гувоҳ бўлдик. 

Лойиҳа ҳақиқатдан ҳам яхши натижа берди. Келажакда шу йўналишдаги ишларни бошқа турдаги мақсадли гуруҳлар орасида давом эттириш мақсадга мувофиқлигини кўрсатди. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, донорлик бу нафақат бир инсон ҳаётини сақлаб қолишга хизмат қилувчи восита, балки инсоннинг ўзининг соғлиғи учун ҳам жуда фойдали бўлган жараёндир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, грант маблағлари шаклида берилаётган имкониятлардан, юқоридаги сингари одамларга ёрдами тегадиган, ҳақиқатдан ижтимоийлилиги жиҳатидан аҳамиятга молик муаммоларни ҳал қилинишига сарфланиши мақсадга мувофиқлигининг бир исботидир.

 

Нафиса ТУРДИҚУЛОВА

ЎзННТМА Сурхондарё вилоят 

ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси