Хабарингиз бор, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ННТларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида 2022 йилдан бошлаб ННТлар учун онлайн семинар дарсларини ташкил этиб келмоқда.
Бугунги семинар ННТлар томонидан жуда кўп бериладиган саволлардан бири яъни грант лойиҳаларнинг турлари ва уларнинг йўналишларига бағишланди.
Онлайн платформа орқали ўтказилган семинар мавзусини маҳаллий ва хорижий гарнтларни қўлга киритиб келаётган тажрибали соҳа мутахассиси, ЎзННТМА Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Назифа Камалова батафсил тушунтириб берди.
Хусусан, лойиҳаларнинг техник, ташкилий, иқтисодий ва ижтимоий турлари мисоллар ёрдамида тушунтирди.
Қолаверса, грант лойихаларнинг турлари, режаси, бюджети, уларни шакллантириш ва мониторинги буйича ҳам батафсил тушунча берди.
Шунингдек, Давлат Солиқ қумитаси масъул ходими Камолиддин Умурзақов ННТлар томонидан топшириладиган солиқ турлари, ҳисобот топшириш муддатлари, шунингдек ойлик, чораклик ва йиллик ҳисобот ва маълумотлар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.
Семинар давомида тингловчиларнинг янги ташкил топган ННТларнинг танловларда қатнашиш имкониятлари, лойиҳаларни вилоят ҳамда Республика танловларига тақдим этиш имкониятлари тўғрисидаги саволларига атрофлича жавоб берилди.