Фуқаролик жамияти – жамият тараққиётининг юқори шакли

Маълумки, Ватанимиз мустақилликка эришганидан сўнг, бозор иқтисодиётига асосланган эркин демократик давлат барпо этиш, фуқаролик жамиятининг мустаҳкам пойдеворини шакллантириш бош стратегик мақсад сифатида белгиланди. Шу каби жамиятгина Ўзбекистон халқининг муносиб турмушини, ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаши, миллий анъаналар ва маънавиятимизни қайта тиклаши, шахс сифатида инсоннинг маънавий-ахлоқий камол топишини таъминлай олиши эътироф этилди.

Фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий мезонларидан бири - бу унинг ҳуқуқий негизини яратишдан иборат бўлганлиги боис, биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Конституциясида фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий пойдеворини ўрнатишга, унинг асосий қоида ва талабларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи ҳуқуқий нормаларининг ўз ифодасини топишига алоҳида эътибор берилди.

Таъкидлаш жоизки, фуқаролик жамияти ҳокимиятнинг оқилоналиги ва одилоналиги, шахс эркинлиги ва фаровонлиги ҳақидаги ғояларнинг ҳуқуқий устунлиги, ҳуқуқ ва қонуннинг бирлиги, давлат ҳокимиятининг турли тармоқлари фаолияти функцияларининг маълум қисмини ўз зиммасига олиш билан муштаракдир.

Ҳуқуқий давлатни фуқаролик жамияти ривожланишининг натижаси ва унинг ўзини ўзи янада такомиллаштириши омили деб ҳисоблаш мумкин. Ҳуқуқий давлатчиликнинг шаклланиш жараёни, ҳеч шубҳасиз, аста-секинлик билан, босқичма-босқич давом этиб, у фуқаролик жамияти шаклланиши билан бирга такомиллашиб боради. Ҳар бир давлатда бўлганидек, ҳуқуқий давлат ҳокимиятининг суверенлиги ҳам мамлакат ичида унинг барча фуқароларга ва улар ташкил этувчи нодавлат ташкилотларига нисбатан устунлигида ва ундан ташқарида давлатнинг ташқи сиёсатни юритиш, бошқа давлатлар билан муносабатлар ўрнатишда ва мустақиллигида намоён бўлади.

Етук фуқаролик жамиятисиз ҳуқуқий демократик давлат қуриш мумкин эмас, чунки онгли эркин фуқароларгина кишилик жамиятининг энг оқилона шаклларини яратишга қодирдирлар. Шундай қилиб, фуқаролик жамияти эркин индивид ва марказлашган давлат хоҳиш-иродаси ўртасида боғловчи бўғин ҳисобланса, давлатнинг вазифаси тартибсизлик, танглик, таназзулга қарши иш кўриш, эркин шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Фуқаролик жамиятининг асосий қадриятларини оила, мулк, шахс, эркинлик, ҳуқуқ, маънавият, тартиб, давлатчилик ташкил этади. Бунда мулк ҳар доим шахс ва бутун жамият эркинлигининг бош омили сифатида амал қилади, чунки мулкка нисбатан ҳурмат мавжуд бўлмаган жойда шахсга нисбатан ҳам ҳурмат мавжуд бўлмайди.

Шунинг билан бирга, фуқаролик жамияти тузилмалари «юқоридан» туриб эмас, балки фуқароларнинг ташаббуси билан, ихтиёрий асосда, табиийки, муассисларнинг манфаатлари, қизиқишлари ва мойилликларига мувофиқ тузилади. Уларнинг эркинлиги давлат тузилмаларига қарам эмасликда, ички қоидалар билан назарда тутилган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган ўзини ўзи бошқариш фаолиятида намоён бўлади, ва айнан шу йўл билан, улар мавжуд бўлган жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшади.

Бундай жамият шахс эркинлигисиз бўлмайди. Эркинлик меъёрий кўринишга эга бўлгани учун, бундан шундай хулоса келиб чиқадики, бир томондан инсон эркинликка унинг норматив талабларига бўйсуниш қобиляти натижасида эга бўлади, бошқа томондан, шахс эркинлиги борлиғининг ташқи шакли бу эркинликнинг чегараларини белгиловчи ижтимоий меъёрлар ҳисобланишини англатади. . Ва фақатгина, жамият учун ёки инсоннинг ўзи учун энг муҳим аҳамиятга эга, энг асосий ҳисобланган соҳалардагина давлатнинг ўзи эркинликнинг ўлчовини, меъёрини белгилаб берадики, улар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, қонунлар, конституцияда ўз аксини топади.

Бу жамиятнинг асосини кўп тармоқли, рақобатга асосланган бозор иқтисодиёти ташкил этиб, ташшаббускор тадбиркорлар иқтисодий ривожланишни белгилаб беради. Шунингдек, турли ижтимоий қатламлар манфаатлари мувозанатга келтирилиб, фуқаролар ўртасидаги муайян компромисс, давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасида консенсус маданияти ҳамда давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро таъсирга киришишга лаёқатли жамоатчилик институтлари вужудга келганда шаклланиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, босқичма-босқич, тадрижий ривожланиш йўли халқимиз кўзлаган эзгу ниятларга эришишга, замонавий демократик талабларга жавоб берадиган давлат, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият бўлган, қонун устуворлигини таъминлайдиган жамият барпо этишга олиб келиши муқаррар.

 

ЎзННТМА Халқаро ва хорижий тузилмалар, маҳаллий ННТлари билан ҳамкорликни

ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Лазиз Умирзаков