Маълумки, мустақилликнинг даслабки йиллариданоқ, республикамизда адолатли ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш масаласи олдимизга қўйилган устувор мақсадлардан бирига айланган.
Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги (1991), “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги (1999), “Жамоат фондлари тўғрисида”ги (2003), “Ҳомийлик тўғрисида”ги (2007), “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги (2007), “Экологик назорат тўғрисида”ги (2013), “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги (2014) қонунлар, “Нодавлат нотижорат ташкилотларини, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлашни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг қўшма Қарори (2008), “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2005) ва “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (2013) Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2013 йил 12 декабрдаги ПҚ-2085-сонли Қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори (2014), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фукаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430 сонли Фармони ва бошқа қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларининг эркин, барқарор ва тизимли ривожланиши учун мустахкам замин яратиб берди.
Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг изчил ва босқичма-босқич қабул қилиниши натижасида, йилдан йилга тегишли инфратузилма – шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда воситачи сифатида иштирок этувчи, фуқароларнинг турли ижтимоий манфаатларини рўёбга чиқаришга кўмаклашувчи кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат ташкилотлари, бирлашмалари ва фондлари, касаба уюшмалари ва сиёсий партиялар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолияти кучаймоқда ва такомиллашмокда.
Бинобарин, давлат раҳбарининг ташаббуси билан қабул қилинган
“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, уларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш – давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришнинг асосий йўналиши сифатида белгилаб олинган.
Жорий йилнинг 3-4 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул килинган “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сонли Қарор хамда “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сонли Фармон Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг замонавий босқичида янги саҳифани очиб берди.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистонда 10 минга яқин нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат органлари билан бир қаторда ижтимоий шериклик тамойиллари асосида стратегик жиҳатдан муҳим ахамият касб этувчи мақсадларни амалга ошириш йўлида самарали фаолият кўрсатиб келмокда.
Таъкидлаш лозимки, юқорида қайд этилган қарорга кўра, 2021 йил 1 мартдан эътиборан нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан рўйхатдан ўтказувчи органни хабардор қилган (маълумот учун) ҳолда хорижий манбалардан олинадиган пул маблағлари ва мол-мулкнинг бир календарь йилидаги жами суммаси базавий хисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 100 бараваригача оширилди, нодавлат нотижорат ташкилотини қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилди.
Мазкур ҳужжатга мувофик, эндиликда ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди.
Шунингдек, Президент қарори билан нодавлат нотижорат ташкилотининг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинди.
Шу билан бирга, ўз фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Юртбошимизнинг 2021 йил 4 мартдаги Фармонига кўра, бир қатор ННТлар учун мухим мақсадли кўрсаткичлар белгиланлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ҳажмини 2021 йилда камида 1,2 бараварга, 2025 йилда 1,8 бараварга ошириш кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси аъзолари сонини жами фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонига нисбатан 2021 йилда 10 фоизга, 2025 йилда 30 фоизга етказиш белгиланиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан киритилган таклифларнинг умумий сонини 2021 йилда 1000 тага, 2025 йилда 5 000 тага етказилишини таъминлаш вазифаси қўйилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фондларига 2021 йилда 16 млрд. сўм, 2025 йилда 70 млрд. сўм миқдорида маблағлар ажратиш, жорий 2021 йилда 50 та, 2025 йилда эса 250 та нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий Ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилади ва индекс натижалари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.
Бундан ташкари, Очиқлик индекси натижаси бўйича “энг шаффоф нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” ва “энг фаол нодавлат нотижорат ташкилотлари топ-20” рўйхатлари шакллантирилади.
Шаффофлик стандартини жорий этган нодавлат нотижорат ташкилотларини белгиланган тартибда рағбатлантириш чоралари кўрилади, улар томонидан амалга оширилган ижобий ишлар жамоатчилик ўртасида кенг оммалаштирилади.
Шу билан бир каторда, Фармонга мувофиқ ННТларнинг моддий-техник базани (оргтехника, компьютер, бошқа техник воситалар, бино билан таъминлаш ҳамда бошқалар) мустаҳкамлашга белгиланган тартибда кўмак берилади ҳамда давлат органлари ва ҳалқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш чоралари кўрилади.
Мухтасар қилиб айтганда, юқорида зикр этилган хужжатларнинг қабул қилиниши юртимизда “Кучли давлатдан – кучли фукаролик жамияти сари” концептуал жараёнларни амалиётда янада фаоллашувида, фуқаролик жамияти институтларининг барча тизимларини ривожлантириш ва мустахкамлаш, ННТларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши билан боғлиқ ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, аҳоли турли катламлари вакилларининг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, энг асосийси, фуқароларнинг жойларда амалга оширилаётган ислохотлар жараёнларига шахсий дахлдорлик туйғусини янада кучайтиришда муҳим омил бўлиб хизмат килади.
Сарвар МАМАНОВ,
Фаррух ФАХРИДДИНОВ,
ЎзННТМА Ҳудудий бўлинмалар ва аъзолар фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассислари