Фуқаролик жамияти ривожланиш йўлида

Фуқаролик жамияти ривожланиш йўлида

Бутун дунёда пандемик шароит юзага келтирган глобал иқтисодий инқироз даврида мамлакатимизда ҳам ҳалқимизнинг ҳамжиҳатлиги, давлатимиз томонидан олиб борилган оқилона ижтимоий-иқтисодий сиёсат туфайли Ўзбекистон дунё ҳамжамиятига ҳалқимизнинг буюк ишларга қодирлигини кўрсата олди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ва халқига Мурожаатномасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби билан бирга келгусида амалга оширилиши режалаштирилган муҳим вазифаларни ва уларнинг иқтисодий ечимлари, хусусан молиявий манбаларини кўрсатган ҳолда белгилаб бердилар.

Соғлиқни сақлаш соҳасида олиб борилган улкан ишлар 2021 йилда ҳам давом эттирилиши алоҳида қайд этилди. Бошланаётган йилимизга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном берилиши, энг аввало ушбу соҳа вакилларининг масъулиятини янада ошириш ва рағбатлантиришга катта эътибор берилишини ҳамда бу борада давлат ташкилотлари билан нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамкорлиги кучайтирилишига замин бўлади.

Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият қурилишида тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб, давлатнинг тенг ҳуқуқли шеригига айланмоқда.

Мурожаатномада эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришни алоҳида вазифа қилиб белгиланиши нодавлат нотижорат ташкилотларига катта масъулият ва ишончни эътироф этилишидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг доимий вакиллик институтини жорий этилиши ва ушбу вакил, қуйи палата йиғилишларида иштирок этиши, қабул қилинаётган қонунларга таъсирчан жамоатчилик назорати ва ижтимоий шериклик масалаларини киритиш бўйича таклифлар бериш ваколатига эга бўлиши мамлакатимизда фуқаролик жамиятининг ривожланишига хизмат қилади.

Олий Мажлиси хузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди фаолиятини жойлардаги долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратиш зарурлиги хусусида баён этилар экан, нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда пухта ишланган ва режалаштирилган тадбирларни белгилаш ҳамда ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш асосий вазифа бўлмоғи лозим.

Жойларда мавжуд муаммоларни аниқлаш, уларни чуқур таҳлил қилиш, ечимлари бўйича таклиф ишлаб чиқиш, ижроси устидан жамоатчилик назоратини таъминлашда ижтимоий буюртма асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг жалб этилиши мурожаатномада белгилаб қўйилди. Эндиликда нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий ҳамкорликни, энг аввало, таълим, маданият, тиббиёт, экология, қурилиш, кадастр, транспорт, коммунал хўжалиги, бандлик, ижтимоий хизматлар кўрсатиш каби муаммоли соҳаларда кенг жорий этишга мувофиқ бўладилар. 2021 йилда грантлар, субсидиялар ва ижтимоий буюртмалар шаклидаги лойиҳаларга бюджетдан 60 млрд. сўм миқдорида маблағ ажратилиши бу соҳадаги ижобий ишларнинг кўлами кенгайишидан дарак беради.

Вилоятимизда маълум бир ижтимоий соҳада мақсад ва вазифаларни асосий фаолият йўналиши қилиб белгилаган 517 та нодавлат нотижорат ташкилоти, 192 та диний ташкилот ва 60 га яқин оммавий ахборот воситалари руйхатдан ўтказилган. Ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва бартараф этишда кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биргина 2020 йилда Олий Мажлис хузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининиг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловларида 85 дан ортиқ лойиҳалар билан иштирок этган нодавлат нотижорат ташкилотларимиздан 14 тасининг лойиҳаси ғолиб деб топилиб, 544 млн. сўм миқдорида молиялаштирилди. Бу 2019 йилга нисбатан 100 млн. сўмдан кўп маблағ нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ижтимоий лойиҳаларини амалга оширишга йўналтирилганлигини кўрсатади.

Пандемия даврида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда аҳолининг кўмакка муҳтож қисмига моддий ёрдам ва қўллаб-қувватлаш ишларида Республика "Istiqbolli Avlod" ижтимоий-ахборот марказининг Наманган вилояти бўлими, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш Республика марказининг Наманган вилояти бўлинмаси, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси, Наманган вилоят "Ijtimoiy Himoya" жамияти каби кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотлар фаол иштирок этдилар.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда ҳам самарали иштирок этмоқдалар.

Ижтимоий шерикликнинг энг ёрқин намунаси сифатида вилоят адлия бошқармаси ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик Кенгашини эътироф этиш мумкин. Ушбу Жамоатчилик Кенгаши давлат ва нодавлат ташкилотларининг ижтимоий муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишда катта кучга айланиб бормоқда. Ҳусусан 2020 йил давомида 3 маротаба жамоатчилик эшитувлари ташкил этилиб, унда вилоят халқ таълими, соғлиқни сақлаш, бандлик ва меҳнат муносабатлари, солиқ ва архитектура бошқармалари бошлиқларининг ўз соҳалари бўйича ҳисоботлари муҳокама қилинди. Жойларда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятиниг бошқа институтларининг 2020 йил декабрь ойида 120 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлар ва давлат органи вакиллари иштирокидаги “Дахлдорлик ва шаффофлик–самарали ҳамкорлик” шиори остида ўтказилган “Нодавлат нотижорат ташкилотлари Форуми”да ҳам ушбу йўналишдаги фаолиятларни 2021 йилда янада ривожлантириш, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари даҳлдорлиги ва масъулиятини ошириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятини шаффофлигини таъминлаш орқали самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тавсиялар ва тармоқ дастурларига киритиш учун 70 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Мурожаатномадан руҳланган ҳолда бу йил ҳам бошланган ижобий ишларини давом эттириш билан бирга нодавлат нотижорат ташкилотлар салоҳиятини вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишига йўналтириш асосий мақсадимиз бўлади.

 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат
ташкилотлари миллий ассоциациясининг
Наманган вилояти бош координатори
Икромжон Каримов