Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да Фарғона вилоят жамоат фонди, ЎзННТМАнинг Андижон, Наманган ва Фарғона вилоят ҳудудий бўлинмаларининг раҳбар ҳамда ходимлари ва фаол ННТлар иштирокида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар-тренингда грант лойиҳалари бўйича ишлаш ва унда эътибор қаратиш керак бўлган асосий жиҳатлар, ижтимоий шериклик, жамоатчилик назорати ва давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича тажриба алмашилди.
Шунингдек, грант лойиҳаларини самарали амалга оширишда ҳамкорларни тўғри танлаш, мавжуд ресурслардан унумли фойдаланиш масалалари ҳам қизғин муҳокама этилди.
—Семинарда асосий эътибор янги ташкил этилган ННТларни ўз-ўзини молиялаштириш масалаларига қаратилди, - дейди ЎзННТМА Фарғона вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Д.Фозилов. —Биз ННТларни грантларда иштирок этишга йўналтиришда, ҳужжатларни тўғри тўлдиришда, ҳисоботларини тайёрлашда, давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишда бевосита кўмаклашамиз. Шунинг учун ҳам фаолиятимиз давомида ННТларга вақтида тўғри маслаҳат ва амалий кўмак бериш учун семинарда иштирок этиб, янги билимлар, янги тажрибалар олдик.
Тадбирнинг иккинчи қисмида иштирокчилар “Меҳржон” марказида бўлишиб, марказ ва унинг ходимлари томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусан, қўлга киритилган грантларнинг амалга ошириш жараёни билан танишдилар.
Тадбир якунида бу каби семинарларни Андижон ва Наманган вилоятларидаги маҳаллий ННТлар вакиллари учун ҳам ташкил этишга келишиб олинди.