Фандрайзинг ва унинг ННТлар фаолиятидаги аҳамияти

"Фандрайзинг" — бу тижорий фойдаси бўлмаган жамоат ва хайрия лойиҳаларини амалга ошириш учун моддий ( нақд пул, товарлар)  ва номоддий (волонтёрлар иштироки, ахборот таъминоти, фойдали алоқалар) ресурсларни жалб қилишдир. Оддий қилиб айтганда, фаолиятга маблағ йиғиш, хайрия сингари имкониятлардан фойдаланиш демакдир.

"Фандрайзер" касби расман мавжуд эмас. Ушбу турдаги фаолиятни ўзлаштиришга ёрдам берадиган фундаментал фанлар мавжуд бўлиб, булар  маркетинг, реклама ва психологиядир. Бу билимларни ҳам таълим муассасасида, ҳам мустақил равишда олиш мумкин. Интернет тармоғида фандрайзинг мавзусида жуда кўп турли хил вебинарлар мавжуд, конференциялар ва тренинглар машҳур бўлиб бормоқда, ўз навбатида китоблар ҳам чоп этилмоқда.

Бироқ, амалиётсиз билим ҳеч нарса бермайди. Бошқа одамларнинг фақат назарий билимларга асосланган тажрибаси мутахассис бўлишга ёрдам бермайди. Амалий фаолиятни бошлаш, хатоларга йўл қўйиш, кейинги лойиҳаларда уларнинг олдини олиш учун уларни таҳлил қилиш ва қайта уриниб кўриш керак. Доимий ривожланиш, янгиликларни кузатиб бориш ва муваффақиятли фандрайзерлар билан мулоқот қилиш муҳимдир.

Шу мақсадда халқаро даражадаги тенерларни жалб қилган холда ЎзННТМА мамлакатимиздаги ННТларнинг молиявий барқарорлигини ошириш ва уларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида “Фандрайзинг” мавзуида онлай семинар-тренинг ташкил этди.

Юзга яқин ННТлар вакиллари иштирок этган семинарда фандрайзингнинг ННТлар фаолиятидаги аҳамияти, унинг турлари ва тамойиллари ҳамда уни тўғри ташкил этиш масалаларига эътибор қаратилди.

Семинарда шунингдек, "Фандрайзинг" орқали маблағ йиғиш турлари хусусан, инвесторлар, хомийлар,  донорлар ҳамда грантлар имкониятидан самарали фойдаланиш, амалиётда қўллаш тартиблари ҳам батафсил тушунтирилди.

—ННтларни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида бу каби семинарлар жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб мунтазам равишда ташкил этиб келинмоқда, -  дейди ЎзННТМА бўлим бошлиғи Абдусалом Эшимов. —Бу ташаббусни ННтлар ҳам қўллаб-қувватлаб, семинарларда доимий равишда иштирок этишмоқда. Келаси йилда ҳам халқаро даражадаги тренерларни жалб қилган ҳолда ННТлар фаолиятига оид мавзулардаги семинарларни тизимли равишда давом эттиришни режа қилганмиз.

Семинар якунида иштиирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларига мутахассислардан батафсил жавоб олишди.