Экология ва атроф муҳит муҳофазасида ННТлар фаоллиги ортмоқда

Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазирлиги билан ҳамкорликда Экология ва атроф муҳит муҳофазасида давлат органи ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Экология йўналишидаги маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этган мазкур тадбирни ташкил этишдан мақсад, мамлакатда экология ва атроф муҳит муҳофазаси, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ва бошқа соҳага алоқадор дастур ва лойиҳаларда давлат органлари билан нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, экология йўналишидаги давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари учун мулоқот майдонини яратишдан иборат.

Қайд этилдики, сўнгги йилларда экология ва атроф муҳит муҳофазаси йўналишидаги қонун ҳужжатлари ижросини таъминлашда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун юртимизда уюшқоқлик билан олиб борилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш орқали яшил майдонларни ҳозирги 8 фоиздан 30 фоизга етказиш бўйича мамлакатимиздаги фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ўзига хос улуш қўшмоқда.

Биргина 2022 йилда бу борада олиб борилган фаолиятни таҳлил қиладиган бўлсак, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси  ҳамда ушбу ассоциация қошида ташкил этилган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан “Яшил макон учун бирлашайлик!” шиор остида жойлардаги “ННТлар уйлари”, маҳаллалар, таълим масканлари, қолаверса “Темир дафтарга” киритилган фуқароларнинг томорқаси ва яшаш хонадонларида боғлар барпо этиб, яхши ниятлар билан 4 минг туп мевали ва манзарали дарахт ниҳоллари экилди.

Қувонарли жиҳати аҳолининг сайил қилиши, табиат билан уйғунлашган ҳолда очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариши учун етарли шароитлар яратиш, очиқ ҳавода спорт билан шуғулланиши, ҳудуднинг экологик софлиги ва мўътадиллиги доимий сақланишини таъминлаш мақсадида аҳоли пунктларида, ободонлаштирилмаган бўш турган ҳудудларда вилоятлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ташаббуси билан “Жамоат ташкилотлари боғлари” ташкил этилди.

Қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳудудлардаги дарахтларни ҳатловдан ўтказишда, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашда, чиқиндиларни йиғиш ва уларни утилизация қилишда, ноёб ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсини ҳимоя қилишда бевосита иштирок этиб, жамоатчилик назорати тадбирларини ташкил этиб келишмоқда.

Таъкидландики, мазкур соҳадаги жамаотчилик назоратини янада кучайтириш, экология ва атроф муҳит муҳофазасида давлат органи ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклик муносабатларини янада яхшилаш талаб этилади. Бу борада ўзига хос муаммо ва камчиликлар бор.

Давра суҳбатида мазкур муаммолар очиқ-ойдин айтилиб, уларни бартараф этиш бўйича мутахассислар ва ННТлар вакилларининг таклиф ва тавсиялари тингланди.

ЎзННТМА Ахборот хизмати