Дўстлик жамиятларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга эҳтиёж бор

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида «Дўстлик жамиятлари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари» мавзусида онлайн семинар ўтказилди.

Унда Қўмита масъуллари, миллий-маданий марказлар раҳбарлари, дўстлик жамиятлари вакиллари, депутатлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Онлайн семинарда бундай тадбирлар ўтказилишининг аҳамияти, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2019 йил 22 февралдаги тегишли қарори билан тасдиқланган «Миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари ролини янада ошириш ва уларнинг аҳоли ҳаётидаги иштирокини кучайтириш ҳамда хорижий давлатлар билан маданий-гуманитар ва дўстлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури»ни амалга оширилиши миллий маданий марказларнинг фаолияти самарадорлигини янада ошириш ҳамда жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашда фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлашида хизмат қилиши ҳақида сўз борди.

– Бугунги кунда Дўстлик жамиятларининг фаолиятини янада такомиллаштиришга эҳтиёж бор, – деди ЎзННТМА Кенгаши раиси Насимжон Алимов. – Чунки жамиятлар юртимиз маданиятини бутун дунёга кенг тарғиб этиб, мамлакатлар ўртасидаги маданий, гуманитар алоқалар йўлга қўйилишида ўз ҳиссасини қўшади. Уларга ўзбек тили, урф-одати, тарихи ва адабиётини бутун дунёга олиб чиқишдек юксак вазифалар юкланган.

Семинарда жамиятлар томонидан амалга оширилган ишлар танқидий таҳлил қилиниб, уларнинг бугунги синовли кунлардаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Жамиятларнинг иқтисодий, ҳуқуқий асослари ўрганилди, камчиликларни барҳам этиш бўйича таклифлар берилди.