Президентимизнинг Олий Мажлисга қилган Мурожаатларини ўқиб беихтиёр кўзларимда ёш қалқиди. Мен оддий бир нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбариман. Жамоамиз билан кўп йиллардан буён гўзал Фарғонанинг Қувасой туманида аҳолига беминнат хизмат қилиб келамиз.
Мурожаатда мени ҳаяжонга солган қуйидаги жумлаларга эътиборингизни қаратмоқчиман. “Мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга доир қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш керак. Жамоатчилик маъқул деса маъқул, номаъқул деса номаъқул бўлади”.
Мазкур ғояни Муҳтарам Президентимизнинг қанчалик халқимиз манфаатларини кўзлаб, айтаётганлигини ўз қалбимдан ҳис этдим.
Чунки, Мурожаатда Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ҳамда унинг асосий мақсади жамоатчилик назоратини янада кучайтиришдан, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатишдан иборат эканлиги тўғрисидаги таклифлари билан муҳим бир ижтимоий-сиёсий масалани демократик асосда ҳал этиб бердилар.
Давлат органлари халққа хизмат қилиши керак! – деган халқчил ғоя асосида жамоатчилик эшитувлари ва маслаҳатлари жамиятда манфаатлар мувозанатини ҳамда ўзаро тийиб туришни таъминлашга хизмат қилади, деб тўла ишонч билдираман.
Хуршида Ибрагимова
“Меҳржон” нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари,
“Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони соҳибаси