Давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги ижтимоий ҳамкорлик масаласи муҳокама этилди

Қарши шаҳридаги ННТлар уйида ЎзННТМА ҳамда АҚШ Тараққиёт Агентлигининг (USAID) Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар бўйича Дастури билан ҳамкорликда “Давлат ва фуқаролик жамияти ўртасида ижтимоий ҳамкорлик механизмлари” мавзусида лойиҳа доирасида семинар-тренинг ўтказилди.

Тренингда Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши, вилоятда фаолият юритаётган давлат органари, ННТлар ходимлари, маҳаллий кенгашларга сайланган депутатлар, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, жамоатчилик кенгашлари аъзолари, ЎзННТМА ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Семинар-тренингдан кўзланган асосий мақсад - давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришда фуқаролик жамияти институтларининг салоҳиятини оширишдан иборат.

Тадбирда сўзга чиққанлар кейинги йилларда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, адолатли демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда шахс-жамият ва давлат муносабатларида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ролини ошириш ва уларни иштирокини кучайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Шу билан бирга, давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида самарали ижтимоий шериклик механизмларини қарор топтириш, жойларда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида ҳали ечимини кутаётган муаммолар ва ишга солинмаган имкониятлар борлиги ҳам алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Махаллий нодавлат нотижорат ташкилотларининг халқаро грант лойихаларини амалга оширишда давлат бошқаруви органлари билан  ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти ҳақида тренинг иштирокчиларига батафсил тушунтириш берилди.  

Малакали ва тажрибали тренерлар томонидан интерфаол усулларда олиб борилган тренингларда иштирокчилар билан бирга, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти ривожланиши тенденциялари, ижтимоий шериклик ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасидаги ёндашувлар, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонун талабларини амалга оширишда жамоатчилик Кенгашларининг амалга ошираётган  ишларининг самарадорлиги қиёсий  тахлил этилиб, ушбу масалалар қизғин бахс-мунозараларда атрофлича муҳокама этилди.    

Бундан ташқари, иштирокчилар билан кичик гуруҳларга бўлинган ҳолда сессиялар ташкил этилиб, уларда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва муҳокама этиш, уларни ижобий ҳал этишда ННТларнинг ўрни ва иштироки, ННТларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг мухим жихатлари ва шакллари юзасидан ишланмалари тақдимот сифатида намойиш этилди.

Тренинг давомида давлат органлари билан фукаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ таклиф ва амалий тавсиялар, худудий муаммолар ечимини топишга қаратилган ўзаро хамкорлик Режаси ишлаб чиқилди.

 

ЎзННТМА Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмаси