Ҳар бир мамлакатда сифатли тиббиёт тизими мавжудлиги жуда муҳим. Фуқаролар зарур пайтларда сифатли тиббий хизмат учун давлатга суяна олиши алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабли Конституцияда фуқаролар давлат ҳисобидан тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмини олишга ҳақли эканлиги бегиланмоқда.
Бу жуда муҳим ижтимоий кафолатдир. Чунки аҳолининг айрим қатламлари пулли асосда ёки хусусий шифохоналар хизматидан фойдаланишга имконияти етмаслиги мумкин. Ана шундай вазиятда давлат ўз фуқаросини кафолатланган тиббий хизмат билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олиши керак. Конституциядан ўрин олаётган ушбу модда айнан мазкур жиҳатларни кўзда тутади.
Бухоро вилоятида Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти Бухоро вилоят бўлими аъзолари ва Бухоро вилояти кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ишчи-ходимлари иштирокида ўтказилган тадбирда янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган шу каби ўзгартиш ва қўшимчаларга бағишланди.
Хусусан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари иштирокчиларнинг таклифига кўра, бош Қомусимизда аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза этиш борасида киритилаётган янги нормаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Жумладан, давлат тиббиёт соҳасига оид энг муҳим вазифаларни ўз зиммасига олаётгани оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда алоҳида аҳамиятга эга.
Конституцияга киритилаётган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқининг аҳамияти шундаки, давлат ўз фуқароларининг моддий аҳволидан қатъи назар кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан қамраб олинишини мустаҳкамламоқда. Бу фуқаролар, айниқса, моддий шароити яхши бўлмаган фуқароларнинг соғлиғини сақлашга давлат ғамхўрлик қилишдан тўхтамаслигини англатади. Кафолатланган тиббий ёрдамга оид норманинг белгиланиши аҳоли, оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.