Давлат гранти ажратиш учун иккинчи танлов эълон қилинди

Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди

“Маънан етук ва юксак маърифатли ёш авлодни тарбиялашда ижтимоий шерикликни кучайтириш”

мавзусида Давлат грантлари ажратиш учун танлов

ЭЪЛОН ҚИЛАДИ

Танловга нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги мақсадларни назарда тутган ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа буюртманомалари қабул қилинади:

- ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини амалга оширишга, банд бўлмаган ишсиз ёшларни фойдали меҳнат фаолиятига ўргатиш ва бандлиги таъминлашга кўмаклашиш;

- ёшларнинг интеллектуал салоҳиятларини юксалтириш, уларнинг инновацион фикрлашини, кашфиётчилик, рационализаторлик ғоялар ва нау-хауларни ишлаб чиқишга йўналтириш;

- ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашга кўмаклашиш, она Ватанга муҳаббат, бузғунчи ғояларга қарши иммунитетларни янада кучайтириш ;

- ёшларни юртга садоқат, маданий меросга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга, уларни оммавий маданиятнинг салбий иллатлари таъсиридан ҳимоя қилишга кўмаклашиш;

- ёшларнинг кенг кўламли ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга, уларнинг ташаббуслари ва замонавий ғояларини илгари суришга қаратилган лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш;

- ёшлар орасида китоб ўқиш маданиятини шакллантириш ва аҳоли кенг қатламлари ўртасида тарғиб этиш;

- ўсмирлар, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликни олдини олишга, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида кенг тарғибот ишларини амалга оширишда замонавий инновацион ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш;

- яқин қариндошлар ва ёшлар ўртасида эрта никоҳни, оилада ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи, низоли вазиятларни олдини олишга, соғлом маънавий муҳитни таъминлашга кўмаклашиш;

- ўсиб келаётган ёш авлодда ота-онани, кексаларни ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларга ғамхўрлик кўрсатиш туйғусини шакллантириш;

- ёшларни, айниқса ёш қизларни, ёш оилаларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликни ташкил этишига кўмаклашиш;

- уюшмаган ҳамда ноқонуний меҳнат мигрантлиги натижасида хорижий давлатлардан дипортация қилинган ёшларни бандлигини таъминлаш, уларни мамлакатдаги бунёдкорлик ишларига кенг жалб қилиш.

Давлат гранти танловида иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади: 

1. Ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган кузатув хати; 

2. www.fundngo.uz веб-сайтида жойлаштирилган шаклда тўлдирилган давлат гранти лойиҳаси учун ариза;

3. Давлат рўйхатидан ўтказилган Устав (Низоми) ҳамда гувоҳноманинг муҳр билан тасдиқланган нусхаси;

4. Агар лойиҳани амалга ошириш лицензияланадиган фаолиятни талаб қилса, унда лицензиянинг нусхаси тақдим этилади. 

5. Манфаатдор давлат ва йирик жамоат ташкилотлари билан тузилган ижтимоий шериклик қўшма режалари илова қилиниши мумкин. 

Битта лойиҳа учун давлат гранти миқдори – 30 млн. сўмгача.

Ҳужжатлар 2019 йил 29 майдан 4 июлгача қабул қилинади.

Ҳужжатлар “Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди” номига: 100163, Тошкент шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 43-уй манзилига “Ўзбекистон почтаси” орқали муҳрланган конвертда (А4 форматда) юборилиши шарт.

Ҳужжатлар намуналари билан Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фондининг www.fundngo.uz расмий веб-сайтида танишиш мумкин.

Маълумот учун телефонлар: (0-371) 239-26-76, 239-26-86.