Давлат бошқаруви академиясида малка оширган ННТлар сони 300 нафарга етди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари якунига бағишлаб “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга оширишда ННТларнинг роли ҳамда уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамияти бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилди.

Таъкидландики, бугунги кунда республикамизда 10 мингдан зиёд нодавлат ташкилоти мавжуд бўлиб, уларнинг улуғвор мақсади, шубҳасиз, фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Шу боис, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида устувор мақсад этиб, фуқаролик жамияти институтларининг эркин фаолият юритиши, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши учун зарур шароитлар яратиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш белгиланди.

Тадбирда сўз олганлар “Ўзбекистон — 2030” стратегияcида аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, шу жумладан сув ресурсларини тежаш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш баробарида фуқаролик жамияти институтлари қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам алоҳида мақсадлар белгиланганлигини қайд этишди.

Жумладан, Стратегиянинг 83 мақсади эркин фуқаролик жамиятини ва оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантириш, Ўзбекистонни фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича хабга айлантиришга бағишланган бўлиб, унда ОАВнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиш, очиқлик сиёсатини изчил давом эттириб, фуқароларнинг ахборот олиш, ундан фойдаланиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларини амалга оширишнинг кафолатли таъминлаш, ижтимоий шерикликда амалга ошириладиган лойиҳалар сонини камида 3 бараварга кўпайтириш ҳамда Давлат дастурларида иштирок этаётган нодавлат нотижорат-ташкилотлари сонини камида 80 тага етказиш вазифалар белгиланди.

Шу билан бирга Стратегияда фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф тизимини яратиш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳа ва дастурларни молиялаштириш жараёнларининг жамоатчиликка ошкоралигини таъминлаш орқали соғлом рақобат муҳитини яратиш, давлат кўмагида амалга оширилган лойиҳа ва дастурларнинг натижалари юзасидан жамоатчилик олдидаги ҳисобдорликни ошириш масаласи ҳам ўз ифодасини топган.

Сўзга чиққанлар нодавлат нотижорат ташкилотларининг бевосита иштирокисиз “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг самарали ижроси ҳақида гапириб бўлмаслигини, уни амалга ошириш доирасидаги ижобий ўзгаришларни чекка ҳудудлардаги юртдошларимиз ҳам ҳис қилишлари зарурлигини қайд этдилар.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида малака оширган 75 нафар ННТлар раҳбарларига Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциациясининг сертификатлари топширилди.

 “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси” доирасида ташкил этилган ушбу малака ошириш курсларида 2025 йилга қадар жами 750 нафар ННТ вакилларининг билим ва кўникмаларини ошириш режалаштирилган. Шу кунга қадар 300 нафар ННТ раҳбарлари ўқитилди. Келаси йилда ҳам 200 нафар ННТ раҳбарларининг малкасини ошириш режалаштирилмоқда.

 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар

миллий ассоциацияси Ахборот хизмати