Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ННТлар раҳбарлари учун ташкил этилган ўқувлар ниҳоялаб қолди.
Ўтган вақт давомида тингловчилар махсус дастур асосида малака ошириш баробарида амалий жараёнларда ҳам иштирок этишди.
Хусусан, куни кеча тингловчила Ўзбекистон Республикаси Сенатига ташриф буюриб, Сенат ҳамда доимий комиссияларнинг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Сенаторлар ва комиссия вакиллари билан ўтказилган учрашувда тингловчилар мамлакатимизда фуқаролик жамиятини барпо этишда Конституциявий ислоҳотларнинг ўрни, янги қонунларни қабул қилиш жараёнлари ҳамда жамият ривожида ННТларнинг фаоллигини ошириш масалалари юзсидан мулоқот қилдилар.
Шунингдек, ЎзННТМА Тошкент шаҳар бўлинмаси томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экишнинг “долзарб 40 кунлиги”га бағишлаб Чилонзор туманида ташкил этилган кўчат экиш акциясига ҳам ўз ҳиссаларини қўшишди.
Жумладан, пойтахтимизда фаолият юритаётган Республика реабилитация ва мослаштириш маркази биносининг атрофига Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан тақдим этилган манзарали кўчатлар экилиб, юртимизда яна бир яшил макон барпо этилди.