Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатимиз миллий ривожланишининг янги босқичга дадил қадамлар билан ўтиб бораётганлигини ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳатлар инсон манфаатларини таъминлашга қатарилганлигини яна бир бор намойиш қилди.
Президентимиз томонидан мурожаатномада халқимиз соғлиғини сақлаш, одамларни касб-ҳунарли қилиш, уларнинг бизнесига кенг йўл очиш, ҳақиқий мулкдор бўлиб, даромад топиши учун зарур шароитларни яратиш, таълим ва иқтисодиёт йўналишларида кенг кўламли ишларни амалга ошириш мақсад қилиниб, 2023 йилни юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб эълон қилишлари жонажон Ўзбекистонимизда яшаётган ҳар бир фуқарода келажакка ишонч ва ифтихор туйғусини кучайтирди.
Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа эканлиги алоҳида эътироф этилди.
Энг асосийси, Юсуф Хос Ҳожиб бобомизнинг ибратли сўзларидан келтирилган иқтибос, яни “Заковат бор жойда улуғлик бўлади, билим бор жойда буюклик бўлади” - деб такидлашлари бу юрт келажаги бўлган ёш авлоднинг буюк аждодларга муносиб ворислар қилиб тарбиялашга чақирув деб қабул қилиш лозим.
Келгуси йил Давлат дастурига таълим соҳадаги ислоҳотларни, ўқув-тарбия ишлари сифатини оширишнинг аниқ ечимлари билан таклифлар ишлаб чиқиш жараёнларда жамоатчиликни фаол бўлиши, янги-янги таклиф ва ташаббуслар билдиришлари учун вилоятимиз нодавлат нотижорат ташкилотлари кенг кўламли тарғибот ишларини олиб боришади.
Имом Мотуридий бобомизнинг: “Элу юрт билан ҳамдард бўлиб яшагин, токи халқ ҳамиша сен билан бирга бўлгай”, деган ҳаётий ҳикмати ҳар бир вазир, ҳар қайси раҳбарнинг онги, қалби ва ҳаракатида муҳрланиши лозим,- деб мурожаатномада алоҳида такидланиши, жамоат ташкилотларига ҳам ҳамжамиятнинг ижтимоий муаммоларини ечимини топишда, халқимиз фаровон хаётини таъминлашда маъсулиятни хис этиб фаолият олиб боришга ундайди.
“Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, -деб айтилган тезисларига жавобан жамоат ташкилотлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлари ижтимоий лойиҳалар тайёрлашни купайтириши, ижобий амалга ошириш чораларини кўриш учун барча куч ва билимларимизни сафарбар этамиз.
Нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ёшларимизни санъат ва маданият соҳасидаги истеъдодларини қўллаб-қувватлаш, замонавий компьютер саводхонлиги, бирор бир қўшимча касб-ҳунарларли бўлишлари борасидаги амалга оширилган лойиҳаларда тўпланган тажрибаларни кенг қўллаган ҳолда ёшларни эркин ва креатив фикрлашлари, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантиришда маҳаллий ва хорижий фондларнинг грант танловлари маблағларини кўпроқ жалб этиш борасидаги ишларини жадаллаштириш лозим.
“Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати доирасида тиббиёт ва экология соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш, инсон саломатлигини сақлаш борасида амалга ошириладиган ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар бевосита маҳаллаларда амалга оширилиши келгуси йилда нодавлат нотижорат ташкилотларининг устивор вазифасига айланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки 2022 йил “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилган ишларда Наманган вилояти ННТлари томонидан 1500 туп мевали ва 600 туп манзалари дарахтлар экилиб, ушбу хайрли ишга 100 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари сафарбар этилишига эришилди. Энг қувонарлиси шуки кўчат экишда нафақат Наманган шаҳрида балки вилоятнинг Поп, Янгиқўрғон, Тўрақўрғон, Уйчи, Янги Наманган, Косонсой туманларидаги чекка қишлоқлар ҳудудигача етиб борилди. Ушбу лойиҳада орттирилган тажрибалар 2023 йилда давом эттирилиши билан бирга, “Тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи” янги умуммиллий ҳаракати доирасида ҳам кенг қўлланилади.
Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаслик борасида билдирган таклифларидан келиб чиқиб, вилоятимиздаги ННТларни маъсул давлат ташкилотлари ҳамда кенг жамоатчилик билан биргаликда миллий ва умумбашарий қадриятларни ёшлар ўртасида тарғиб қилиш бўйича маҳаллалар, оилалар, таълим масканларида фаол иш олиб боришга чақирамиз.
Зеро, Президентимизнинг “Бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилсак, мен ишонаман, эл-юртимиз интилаётган Янги Ўзбекистонни албатта барчамиз биргаликда бунёд этамиз” - деган эзгу ғояларини муносиб амалий фаолият билан қўллаб-қувватлаш, ўзини Жонажон Ўзбекистонимизнинг фидоий фарзанди деб билган ҳар бир фуқаронинг Ватан олдидаги муқаддас бурчидир.
Икромжон Каримов,
ЎзННТМА Наманган вилоят
ҳудудий бўлинмаси бошлиғи