Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни муносабати билан ННТлар тақдирланди

27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни муносабати билан Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Сенати, Адлия вазирлиги, Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамот фонди ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал этишда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда асосий эътибор мамлакатимизда ННТларни қўллаб-қувватлаш,  яратилаётган шарт-шароитлар, соҳанинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган амалий ҳаракатларга қаратилади.

Рақамларга эътибор қаратсак, 1991 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра республикада 95 та ННТ фаолият кўрсатган бўлса, 2000 йилнинг 1 январга келиб уларнинг сони 2585 тага, 2017 йил 1 январь ҳолатига кўра 8700 тага, ҳозирга кунда эса ННТлар сони 9 мингдан ортди. ННТлар тадбиркорлик, фермерлик, экология, спорт, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшлар, хотин-қизлар, ногиронлиги бор шахслар билан ишлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, техника, фан ва илмий-тадқиқот ҳамда бошқа йўналишларда фаолият юритмоқда.

Таъкидландики, амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вилоятлар марказида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилиб, кўплаб нодавлат нотижорат ташкилотларининг бино билан боғлиқ муаммолари ҳал этилди ҳамда уларнинг ижтимоий фойдали фаолиятини янада яхшилаш учун ахборот ресурс марказлари ташкил этилди.

Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан нодавлат нотижорат ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017-2023 йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 2074 лойиҳасини қўллаб-қувватлаш мақсадида Давлат бюджетидан 513,8 млрд. сўм маблағлар ажратилди. 2017 йилда 12,3 млрд. сўм ажратилган бўлса, 2023 йилда бу рақам 226,4 млрд. сўмни ташкил этди. 2024 йилда эса 1.8 триллион сўм маблағ ажратилиши белгиланди.

Бу маблағлар аҳолининг ижтимоий муаммоларини ҳал қилишга қаратилган лойиҳаларга ва албатта ННТларни техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилмоқда.

Қолаверса, “учинчи сектор” учун кадрлар тайёрлаш ва уларни малакасини оширишга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус фармони билан 2025 йилга қадар 750 нафар ННТ раҳбарларини малака ошириш кўзда тутилган бўлиб, шу кунга қадар 300 нафар ННТлар вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқитилди.

Шу билан бирга, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жамиятимизнинг барча соҳаларидаги ташаббуслари ортиб бормоқда. Айниқса, давлат дастурлари, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш борасида ўзларининг таклифларини билдириб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари, давлат дастурлари ижроси юзасидан жамоатчилик назорати тадбирларини ҳам ўтказишмоқда.

Тадбирда ана шундай фаол, изланиши, ташаббускорлиги билан жамиятда ўз ўрнини топа олган бир гуруҳ нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари Янги Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотлари  фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари

миллий ассоциацияси Ахборот хизмати