Бухоро шаҳридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва дўстлик уйида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан “27 февраль – Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни” муносабати билан нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокида тадбир ташкил этилди.
Адлия бошқармаси маълумотларига кўра, Бухоро вилоятида 577 та ноҳукумат ташкилотлари рўйхатга олинган ҳамда фаолият юритади. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Айниқса, охирги йилларда мазкур йўналишда самарали амалий ишлар кўзга ташланди.
Хусусан, 2018 йилда давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсади “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан қонунчиликда белгиланган тартибда рўйхатга олинган нодавлат нотижорат ташкилотлари жамоатчилик назорати субъекти ҳсобланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Улар томонидан давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар юбориш, давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш, жамоатчилик муҳокамаси, жамоатчилик эшитуви, жамоатчилик мониторинги, жамоатчилик экспертизаси, жамоатчилик фикрини ўрганиш шакллари орқали ўз ваколатлари амалга оширилиши таъминланмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йилнинг 4 мартида “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6181-сон Фармони билан 2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланиб, ҳар бир йиллар кесимида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланиб, амалга ошириб келинмоқда.
2021 йилнинг 3 мартида “Нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолияти эркинлиги, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5012-сон Қарори орқали давлат томонидан ННтларни қўллаб-қувватлашнинг аниқ механизмлари шакллантириб берилди.
ННТлар фаолиятига оид бўлган қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш ва ҳуқуқий хулосалар бериш ҳамда консультатив маслаҳат хизматларини кўрсатиш мақсадида Ассоциация қошида ўз соҳасида катта тажрибага эга бўлган 112 нафар ННТ вакилидан иборат “Экспертлар гуруҳи” ташкил этилди. Эндиликда улар, жойларда фуқаролик жамиятини шакллантиришда иштирок этаётган ННТлар билан бевосита ишлаб, уларнинг ташаббусларини амалга оширишда яқиндан ёрдам берилишига эришилмоқда.
Бутунжаҳон нодавлат нотижорат ташкилотлари куни муносабати билан ташкил этилган мазкур тадбирда иштирок этган ННТлар юқорида тъкидланган масалаларни муҳокама этиш баробарида уларнинг вилоят ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиш орқали мавжуд муаммоларни давлат органлари билан самарали ҳал этиш борасида ҳам фикрлар алмашилди.
ЎзННТМА Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси