Бугун, 30 июнь — юртимизда Ёшлар куни

Бугун, 30 июнь — юртимизда Ёшлар куни кенг тантана қилиняпти. Шу муносабат билан навқирон авлод вакилларини, келажагимиз эгаларини муборакбод этамиз.

Таъкидлаш жоиз, мамлакатимизда ёшлар масаласи ҳар доим давлат сиёсати даражасидаги муҳим масала бўлиб келган. Сўнгги йилларда ёш йигит-қизларимиз учун яратилаётган кенг кўламдаги имконият ва шарт-шароитлар, уларнинг ўқиб-ўрганишлари, қизғин фаолият кўрсатишлари учун қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик нафақат юртдошларимиз, балки дунё ҳамжамиятини ҳам ўзига жалб этаётир. Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истеъдодини юзага чиқариш учун ҳар бир ҳудудда зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинмоқда. Қисқа фурсат ичида “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида ёш авлод вакилларининг 7 минг 775 та бизнес лойиҳасига 1 триллион 635 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, шу асосда 40 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилгани эътиборга молик амалий ишлардандир.

Ҳудудларда ёшларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, маданий-маънавий савиясини юксалтириш мақсадида қатор марказлар ишга туширилди. Замонавий спорт иншоотлари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Ўғил-қизларимизнинг янги лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга, уларни амалиётга татбиқ этишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёвнинг Ўзбекистон ёшларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, бугунги кунда замонавий илм-фан ва юқори технологияларни мукаммал эгаллаш ҳар қандай давлат ва жамият тараққиётининг ҳал қилувчи шартига айланиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда, юртимизда навқирон авлодимизнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан баркамол бўлиб вояга етиши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилмоқда. Шу билан бирга мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қатор амалий ишлар йўлга қўйилган. Бунинг учун, аввало,  мустаҳкам ташкилий ва ҳуқуқий база яратилган.

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳам ўз фаолияти давомида ёшлар билан ишлашга, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келади. Бугун турли лойиҳаларимиз замонавий фикрлайдиган, иқтидорли, ташаббускор ёшлар билан биргаликда амалга оширилаётгани ҳам эътиборга молик.

Азиз ёшлар, сиз она Ватанимизнинг, элу юртимизнинг мустаҳкам ишончи, порлоқ келажаги, эртамизнинг умидисиз! Яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланаётган юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг бугунги ва эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб бораётганини ҳар биримиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Шундай экан, жамиятимиз равнақининг ҳар бир жабҳасида ўз билимингиз, замонавий тажрибангиз билан фаол иштирок этиб, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлашингизда зафарлар тилаймиз! Буюк аждодларимизга муносиб ворис бўлиб, янги Ўзбекистонимизнинг янгидан янги марраларини забт этишингиздан умидвормиз. Бу йўлда барча даражадаги ташкилотларимиз сизга ҳаммаслак ва кўмакдош бўлади.