БМТ Бош котиби ёрдамчиси: 2030 йилгача Ўзбекистон гендер тенгликка эришишни мақсад қилганини олқишлаймиз

Тошкент Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти доирасида ташкил этилган «Марказий Осиё ва Афғонистонда барқарор ривожланиш сари хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» мавзуидаги йирик халқаро форумга мезбонлик қилди.

Форум Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Жаҳон банки ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки кўмагида ташкил этилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 22 февралда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясида Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёлларининг мулоқоти ва хотин-қизларнинг минтақавий бизнес-форумини ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.

Бунинг амалий ифодаси сифатида ўтказилган форумда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича фикр ва илғор тажриба алмашилди. Тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш, ўзаро ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларини аниқлаш ҳамда Афғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон аёллари ўртасида ҳамкорлик ва ишбилармонлик шериклигини ўрнатиш бўйича амалий мулоқотлар ўтказилди.

Форум ишини бошқарган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева илгари сурилган ғоялар, амалга оширилаётган самарали лойиҳалар бўйича ҳуқуқий асослар яратиш бўйича билдирган таклифи иштирокчилар томонидан қўллаб-қувватланди.

Бу амалга ошса, ғояларни амалга ошириш мехнизмлари ҳам яратилади. Самарали лойиҳалар тўхтаб қолишининг олди олинади.

Форумда иштирок этган БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТТД маъмурий ёрдамчиси ва БМТТДнинг Европа ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича Минтақавий бюроси директори Миряна Сполярич Эггер хоним форум иқтисодий масалаларга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Аёллар тадбиркорлиги бўйича анъанавий йўналишлар эмас, балки замонавий, юқори технологик соҳаларга ҳам эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. 2030 йилгача Ўзбекистон гендер тенгликка эришишни мақсад қилаётганини эса олқишлаймиз. Бу ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз.

Айтиб ўтиш керакки, Эггер хоним Ўзбекистонга ташрифи доирасида БМТТД ва Ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишларини муҳокама қилиш ҳамда БМТТД Ўзбекистоннинг ижтимоий йўналтирилган, яшил ва барқарор ривожланишни, айниқса, «COVID-19» пандемияси шароитида, қўллаб-қувватлашга содиқлигини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Ҳукуматининг юқори лавозимдаги раҳбарлари ва ҳамкорлар билан учрашувлар ўтказади. «Ишга марҳамат» мономарказига ускуналарни топшириш маросимида қатнашади.