Биз биргамиз, карантин қоидаларига риоя қиламиз, оилавий китобхонмиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Мурожаатига жавобан короновирус пандемияси даврида фуқароларни уйда қолишга ва карантин қоидаларига риоя қилишга чақириш, уларни уйда фарзандлари билан биргаликда вақтларини китоб ўқиш билан ўтказишга кўмаклашиш мақсадида ЎзННТМА Наманган вилоят бўлими томонидан “Биз оилавий китобхонмиз” лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг мақсади ўзбек ва чет тилларидаги бадиий адабиётларнинг электрон шакли ва овозли вариантларини расмий манбалардан шакллантириб, ижтимоий тармоқлардаги телеграмм гуруҳлар орқали, гуруҳлар аъзоларига етказиш билан китобхонликни тарғиб қилиш ва шу орқали жамоатчиликни уйда қолганда бўш вақтидан унумли фойдаланишига кўмаклашишдан иборат.

Лойиҳа даставвал вилоятдаги ННТларнинг 197та аъзоси бўлган “Наманган ННТлари” телеграмм гуруҳидаги ННТ раҳбарлари ва фаоллари учун ташкил этилган бўлса, жамоатчилик вакилларининг таклифларига жавобан Наманган вилоятидаги МФЙларнинг 602та аъзоси бор “Уйда қолинг маҳалладош”,  ҳунарманд ва ишлаб чиқарувчиларни бирлаштирган 149та аъзоси бор “Наманган вилоят ҳунармандлари”, журналист ва блогерларнинг 76та аъзоси бор “Она шаҳрим Наманган” телеграмм гуруҳлари орқали бадиий адабиётлар ва радио постановкаларнинг электрон шаклларини ўқиш ва тинглаш учун тавсия қилиб юборилди.

Бугунги кунгача электрон шаклдаги китоблардан 28та, овозли бадиий адабиётлардан ўзбек роман ва қиссалари 49та, ҳикоялар 17та, жаҳон адабиёти роман ва қиссаларидан 29та, хикояларидан 13таси  китобхонларга тақдим этилди. Шунингдек, ўзбек адабиётидан 11та ва жаҳон адабиётидан 17та  радиопостановкалар тинловчиларга ҳавола қилинди.

Янада кўпроқ китобхонларни қамраб олиш мақсадида ЎзННТМА Наманган вилоят бўлими томонидан “Uy kutubxonasi” ижтимоий канали ташкил этилди. Келгусида нафақат бадиий адабиётлар, шунингдек ёшларга ҳунар ўргатишга йўналтирилган қўлланмалар, уй бекаларига рўзғор юритишдаги илмий тавсиялар, пазандачилик ва томорқадан фойдаланишга оид тавсиялар жамланган китобларни ҳам электрон шаклларини каналимиз орқали кенг жамоатчиликка етказиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.

Коранавирус пандемияси бутун дунёда тарқалган бир даврда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳалқпарвар сиёсати туфайли мамлакатимизда аҳолини бу касалликдан асраш, тарқалишини олдини олиш борасида кенг кўламли, мисли кўрилмаган амалий ишлар олиб борилмоқда.

 Ҳалқимизда ибратли нақл бор “Бирлашган ўзар, бирлашмаган тўзар”. Биз мамлакатимиз раҳбарининг мурожаатларига жавобан  “лаббай” деб, уйда қолсак ҳамда масофадан туриб бўлсада барчани уйда қолишга чорлаб, карантин қоидаларига риоя қилсак ва бир мақсад “Касаллик тарқалишига йўл қўймаслик учун уйда қолиш” чақириғи атрофида бирлашсак, албатта мақсадимизга эришамиз.

Ватан тараққиёти фаровон келажаги учун илм ва маърифатли инсонлар сафини кенгайтириш, ёшларни маънавий камолоти сари йўналтиришда фидоийлик қилиш барчамизнинг вазифамиздир.

Осуда, фаровон ва хавотирсиз одатий турмуш жараёнига тезроқ қайтиш Сизу бизнинг ўзимизга боғлиқ экан келинг азиз ватандош уйда қолинг. Биз Сизни бўш вақтингизни мазмунли ва фойдали ўтишига кўмаклашишда хизмат қиламиз. Китоб ўқинг, уйда қолинг.

 

И.Каримов,

ЎзННТМА Наманган вилоят бўлими координатори.