Мамлакатимизда ўтказилаётган Барқарор ривожланиш мақсадлари ойлиги доирасида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясида “Барқарор ривожланиш мақсадларида ногиронлиги бўлган шахсларнинг иштироки” мавзусида мулоқот ўтказилди.
Унда соҳага алоқадар ННТлар вакиллари томонидан Барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсадларга эришишда ногиронлар иштирокини таъминлашга доир ғоялар, режалар, ёндошувлар ва стретегиялар тингланди.
Хусусан, Ўзбекистон ногиронлар жамияти раиси Камил Абдуллаев Барқарор ривожланишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳаётдаги роли ва уларни фаоллигини ошириш масалаларига тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов қонунчиликда ногиронларга оид киритилган ўзгаришлар ва янгиликлар тўғрисида айтиб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раиси Эргаш Нарпўлатов ногиронлиги бўлган шахслар масалалари янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиш мақсадларидаги аҳамиятга тўхталиб ўтди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон карлар жамияти раиси Гузал Шодиева эса, Баркарор ривожланиш соҳаларида ногиронлиги бўлган шахслар иштирокини ошириш, уларнинг таълим олиши ва бандлигини таъминлаш борасида қандай ишларни амалга ошириш лозимлиги юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Мулоқотда иштирокчилар юртимизда ногиронлиги бўлган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб шарт-шароитларни яратиш борасида олдимизда турган вазифлар ҳам қизғин муҳокама этилди.