2023 йилнинг 23 февраль куни Тошкент шаҳрида “Парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини оширишдаги ўрни” мавзусида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини ва аҳолининг бу борадаги хабардорлигини ошириш, жамиятда инсон ҳуқуқлари ва барқарор ривожланиш маданиятини шакллантириш масалаларига бағишланган онлайн ва офлайн шаклда халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Мазкур халқаро тадбир Ўзбекистон Республикасини барқарор ривожлантириш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг 2030 йилгача бўлган даврда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Барқарор ривожланиш маркази ННТ, Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Халқаро давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати сенаторлари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ва академик ҳамжамият вакиллари, мамлакатимиздаги дипломатик корпус аъзолари иштирок этди.
Қайд этиш лозимки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги сессиясида Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббусига асосан ишлаб чиқилган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюция бир овоздан маъқулланганди.
2022 йил 29 декабрда эса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг мазкур резолюцияни амалга ошириш бўйича Қўшма қарори қабул қилинди. Қўшма қарор билан 13та йўналиш бўйича 50 дан зиёд аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Мазкур Қўшма қарор Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган “инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш” тамойили билан уйғундир.
Ушбу ҳужжат Ўзбекистонда “Инсон қадри, манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ғоясига асосланган, 2030 йилгача бўлган даврда мамлакатимизнинг Глобал кун тартибининг ҳаётга татбиқ этилишига ҳам хизмат қилади.
Унда, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларини миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга жалб қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва аҳолининг хабардорлигини ошириш каби масалалар қамраб олинган.
Мазкур вазифаларни бажариш мақсадида ташкил этилган халқаро давра суҳбатининг мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат бўлди:
• Ўзбекистон давлати раҳбари ташаббуси билан БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясидан келиб чиққан вазифаларни муҳокама қилиш;
• Барқарор ривожланиш миллий мақсадларига эришиш устидан парламент ва жамоатчилик назорати механизмларидан фойдаланиш истиқболларини кўриб чиқиш;
• 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан тайёрланадиган Ихтиёрий миллий ҳисоботлар учун фуқаролик жамияти институтларининг муқобил маърузаларини тайёрлаб бориш борасида таклифлар тайёрлаш;
• Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва аҳамияти ҳамда жамоатчилик хабардорлигини ошириш, давлат ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга кўмаклашиш, ижтимоий ҳамкорлик ва самарали жамоатчилик назорати масалалари бўйича фикр алмашиш кабилар.
Маъруза ва муҳокамалар мобайнида экспертлар томонидан давлатимиз раҳбари сўнгги етти йил ичида БМТ Бош Ассамблеяларида умумбашарий муаммолар ечимига оид 10 дан зиёд ташаббуслар билан чиққани ва энг муҳими мазкур ташаббусларнинг барчаси Бош Ассамблея томонидан тўла қўллаб-қувватланди ва тегишли резолюциялар қабул қилинганлиги масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Бу эса, Янги Ўзбекистоннинг очиқ, прагматик ва конструктив ташқи сиёсати халқаро ҳамжамият ва жаҳоннинг барча илғор мамлакатлари томонидан якдил эътироф этилишидир.
БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажаришда Парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу масалада мунтазам равишда парламент ва жамоатчилик эшитувларини ташкил этиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Халқаро давра суҳбати дастурига мувофиқ “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш соҳасида Ўзбекистон сиёсати: парламент, ижроия ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигининг долзарб масалалари”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида аҳолининг хабардорлигини оширишда”, “Барқарор ривожланиш мақсадлари мониторинги: Фуқаролик жамияти институтларининг ихтиёрий миллий ҳисоботларни ишлаб чиқишда ҳозирги ва келажакдаги иштироки” каби маърузалар тингланди.
Шу билан бирга, ушбу халқаро тадбир доирасида Барқарор ривожланиш маркази ННТ ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия) ҳамкорлигида амалга оширилган “Ўзбекистонда фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш орқали жамиятнинг барқарор ривожланиш мақсадлари ҳақида хабардорлигини ошириш” лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Давра суҳбатининг натижасига кўра, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2022 йил 14 декабрдаги “Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни жадаллаштиришда парламентлар ролини кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини амалга ошириш чоралари тўғрисидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ўртасида ҳамкорлик Меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Хусусан, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Барқарор ривожланиш маркази ННТ, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан уч томонлама ўзаро ҳамкорлик Меморандумини имзолади.
Шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси табиат ресурслари вазирлиги ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳам келгусида ҳамкорликда иш ташкил этишга қаратилган Мемоандумларни имзолади.