“#Siz_hisobotlarni_topshirdingizmi” хэштеги остида ҳудудларда ўтказилаётган семинарларнинг навбатдагиси Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси ҳамда вилоят Адлия бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган семинарда Адлия, Солиқ, Статистика ва Бандлик бошқармалари мутахассислари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотларига ҳисоботларни электрон шаклда топшириш тартиби ва муддатлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.
Ушбу ўқув семинаридан кўзланган асосий мақсад нодавлат нотижорат ташкилотларига яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, давлат органлари билан жамиятдаги турли соҳаларидаги муаммоларни биргаликда ҳал қилишда ижтимоий шерикликни кучайтириш, давлат органларига бериладиган ҳисоботларни тўғри ва ўз муддатида топшириш тўғрисида маълумотлар беришдан иборат.
Қайд этилдики, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан ННТларнинг фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни электрон тарзда тақдим этиш имкониятини таъминловчи электрон тизим ишлаб чиқилди ва жорий этилди.
Мазкур электрон тизим орқали:
-нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлари ҳақида хабардор қилишга;
-нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботларига;
-нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан чет давлатлардан, халқаро ва хорижий ташкилотлардан, чет давлатларнинг фуқароларидан ёки уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан пул маблағлари ва мол-мулк олишни келишишга доир ҳужжатларни адлия органларига электрон тарзда юбориш имконини берадиган “e-ngo.uz” электрон тизим ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари ўтган бир йиллик фаолияти бўйича ҳисоботлари ушбу электрон тизим орқали қабул қилинмоқда.
Шунингдек, солиқ, статистика ҳисоботлари, ягона миллий меҳнат тизимини ҳисобга олиш ҳам электрон шаклда қабул қилинаётганлиги ортиқча вақт ва ресурсларни тежаш имкониятини яратди.
Ўқув семинарида ушбу яратилган имкониятдан тўлиқ фойдаланиб, қимматли вақт ва сарф-харажатларни тежаб, ортиқча оворагарчиликларига йўл қўймаслик борасида мутахассислар аниқ мисоллар билан фойдали маълумотларни тақдим этишди.
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрида жойлашган мазкур “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” биносида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси ахборот-ресурс марказ ва коворкинг марказлари фаолият юритмоқда ННТ раҳбарларига мазкур марказ имкониятларидан фойдаланган ҳолда ўз ҳисоботларини топшириш учун барча шарт шароитлар борлиги алоҳида таъкидланди.
Семинар қизғин баҳс мунозаралар ва савол жавобларга бой руҳда ўтди.
Шоим Кенжаев,
ЎзННТМА Самарқанд вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси