Аёл ва рақамли иқтисодиёт

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳокимлигида Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманлари аёллари учун режалаштирилган циклда "Аёл ва рақамли иқтисодиёт" халқаро ўқув-семинари бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси, Тошкент вилояти Адлия бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси, Савдо саноат палатаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув-семинарда юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида қатор фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таъкидланганидек, мамлакатимизда фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг инновацион ғоялари, лойиҳа ва ишланмаларини ҳаётга жорий этишда яқиндан кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилаётир. Бу эса жойлардаги иқтидорли, ташаббускор хотин-қизларнинг янги лойиҳа ва замонавий ғояларини амалга оширишига туртки бўлмоқда. 

Мазкур ўқув-семинарда ҳам Олмалиқ шаҳрининг 40 нафар тадбиркор аёллари юзма-юз, шунингдек, Пискент туманининг 40 нафар тадбиркор аёллари онлайн тарзда иштирок этиб, ўзларининг янги ғоя ва ташаббусларини, айни пайтга қадар амалга ошираётган ишларини баён қилдилар. Шу билан бирга келгусидаги режа ва мақсадлари билан ўртоқлашдилар. Уларни амалга оширишга доир саволлари билан мурожаат қилдилар.

Семинар иштирокчиларининг савол ва мурожаатларига тегишли мутасаддилар томонидан жавоблар қайтарилди, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.