Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида фаолият олиб бораётган нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Ушбу тадбир атроф-муҳитни муҳофаза қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва роли, улар билан ҳамкорликдаги ишларни янада кучайтириш, субсидиялар, грантлар, ижтимоий буюртмалар ва лойиҳаларини амалга оширишда кўмак бериш ҳамда жамоатчилик муҳокамалари, жамоатчилик эшитуви ва жамоатчилик мониторинглари каби ишларда ҳамкорлик қилиш мақсадида ташкил этилди.
Унда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Ҳамзаев, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси Камолиддин Ишанходжаев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтган, уставида бевосита экология масалалари билан боғлиқ мақсад ва вазифалари назарда тутилган нодавлат нотижорат ташкилотлар иштирок этди.
Давра суҳбатида Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан энг муҳим йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан саъй-ҳаракатларни ўзаро мувофиқлаштирган ҳолда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ижтимоий шерикликдаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ўрни ва ролини ошириш, ҳамкорликдаги ишларни биргаликда янада кучайтириш, субсидиялар, грантлар, ижтимоий буюртмалар ва лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан кўмак бериш ҳамда жамоатчилик муҳокамалари, жамоатчилик эшитуви ва жамоатчилик мониторинглари каби ишларда бевосита ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш бўйича қатор келишувлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Экологик партияси
ахборот хизмати