Тошкент вилояти Адлия Бошқармасида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси ва Референдум қонунчилигининг мазмун-моҳияти”ни тушунтириш юзасидан учрашув ўтказилди.
O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши, Тошкент вилоят Адлия Бошқармаси, ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси, Оқила аёллар ҳаракати иштирокида ўтган тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси Тўлқинжон Файзиев нутқ сўзлади.
Вилоятдаги партия етакчиси шиддат билан ривожланиб бораётган замонамизга мутаносиб тарзда янгиланаётган Конституция лойиҳаси хусусида сўз юритди.
Унинг фикрича, сўнгги беш йилда юртимизда Фуқаролик жамиятини институтларининг ўрни ва мақомини мустахкамлаш, жамоатчилик назорати самарадорлиги ҳамда фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини ошириш бўйича сезиларли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.
Мамлакатимизда Фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамиятини кучайтиришга, фуқароларнинг энг муҳим социал-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган 250 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинганига қарамасдан, мазкур институт конституциявий мақомга эга эмас эди.
Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, ушбу соҳани тартибга солувчи ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида изчил иш олиб борилмоқда, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг яқин ва ўрта муддатга қаратилган истиқболларини белгилаб олиш мақсадида 2021-2025 йилларга мўлжалланган концепция ҳам тасдиқланган.
Асосий қонунимизда фуқаролик жамияти институтлари – маҳаллалар, сиёсий партиялар, ҳаракатлар, оммавий ахборот воситалари, касаба уюшмалари, жамғармалар ва бошқа жамоат бирлашмаларининг ўрни ва мақомини янада мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда.
ЎзННТМА Тошкент вилоят ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Иброҳимжон Холматов, Тошкент вилояти адлия бошқармасининг Нодавлат ва нотижорат ташкилотлар бўлими бошлиғи Акмалбек Рахматуллаев, Тошкент вилояти “Оқила аёллар” ҳаракати раиси Матлюба Мамадалиевалар янгиланаётган Бош қомус ҳақида батафсил тўхталишди. Конституциямизга киритилаётан концептуал ўзгартишларни шарҳлаб беришди.
Зухро Мирзоҳамдамова,
O’zLiDeP Тошкент вилоят Кенгаши бўлим мудири