Мамлакатимиз тарихида Янгиланаётган Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилиниб, тўғридан-тўғри амалга киритиладиган биринчи ҳужжат ҳисобланади. Бунинг энг аҳамиятли томони, барчанинг овози бир хил мақомга ва кучга эга эканлигидадир. Яъни депутатми, фермерми, ҳокимми, шифокорми, вазирми, судьями, харбийми, прокурорми ёки бошқа мансабдорми қатъий назар ҳар бир инсоннинг танлови ва фикри аҳамиятли ва ҳал қилувчи бўлади.
Шу нуқтаий назардан жойларда, жамоаларда “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказишга қаратилган тарғиботлар қизғин давом этмоқда.
Миллий гвардия Андижон вилояти бўйича бошқармасида мавзу юзасидан харбий хизматчилар билан учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Фарҳодбек Ашматов, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси ходимлари Фарҳодбек Атаханов ва Адхамжон Узакджановлар бош Қомусига киритилаётган янги норма ва моддалар юзасидан батафсил маълумот беришди.
— Афсуски бугунги ҳаётимизда коррупция, монополия, масъулиятсизлик, нокомпетентлик, маҳаллийчилик, бепарволик каби иллатлар ҳали ҳам мавжудлигини рад этиб бўлмайди, Конституцияга киритилаётган нормалар айнан ушбу иллатларнинг илдизига болта уришга қаратилган, - дейди ЎзННТМА ҳудудий бўлинмаси ходими Адхамжон Узакджанов. —Биз агар Конституциямизни айнан бугун ўзгартирмас эканмиз, уни замонавий дунё талабларига жавоб берадиган нормаларга мослаштирмас эканмиз, биз интилаётган рақобатбардош, замонавий, энг илғор мамлакатлар қаторидан ўрин олишимиз узоқ йилларга чўзиладиган жараёнга айланади. Шунинг учун даҳилдорликни ҳис қилган ҳолда келаётган референдумда аҳолимизни фаол иштирок этишга чорлаяпмиз.