Андижонда жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди

Андижон вилояти Халқ таълими бошқармасида Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссиясининг йиғилиши ўтказилди.

Жамоатчилик муҳокамаси шаклида ўтган йиғилишда Олий Мажлис Сенатининг аъзоси, вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси аъзолари, Кенгаш ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди, вилоят ҳокимлиги, адлия бошқармасининг масъул ходимлари, вилоятда фаолият юритаётган диний конфессиялар, миллий-маданий марказлар, ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари, йирик жамоат бирлашмаларининг раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этди.

Жамоатчилик муҳокамасини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан тузилган республика ишчи гуруҳининг 4-8 июль кунлари Андижон вилоятида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини ривожланиш муаммоларини ўрганиш юзасидан ўтказилган мониторинг якунларини муҳокама этиш ҳамда вилоятдаги ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари ҳамда миллий-маданий марказлар бўлимларининг фаолият самарадорлигини ошириш ва янада такомиллаштиришга қаратилган амалий таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

Мажлис кун тартибига мувофиқ, даставвал “Конфессиялараро мулоқот ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусидаги конференцияларни ташкиллаштиришдаги иштироки” тўғрисидаги масала бўйича вилоят ҳокимлиги масъул ходимининг ахбороти тингланди.

Қайд этилдики, вилоятда фаолият юритаётган диний конфессиялар ҳамда миллий-маданий марказлари раҳбарларига шу йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказиладиган конференция ва анжуманларга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, миллатлараро тотувлик, конфессиялараро ҳамжиҳатлик, маданиятлараро мулоқот ва диний бағрикенгликни таъминлаш соҳаларида амалга оширилган ишлар бўйича илмий-оммабоп ва таҳлилий материаллар тайёрлаш жараёнларида фаоллик кўрсатишлари зарурлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди ҳамда мазкур ишларни ташкилий жиҳатдан юқори савияда уюшқоқлик билан амалга ошириш масалалари юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Навбатдаги масала юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди директори З.Исмоилова сўзга чиқиб, вилоятдаги ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари ҳамда рус, қирғиз, уйғур, корейс
ва арман миллий-маданий марказларининг вилоят бўлимлари учун ажратилаётган давлат субсидиялари тўғрисида ахборот берди.

Таъкидландики, юртимизда кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахслар, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза этиш, уларни давлат томонидан ижтимоий, иқтисодий, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида эътиборга лойиқ ишлар қилинмоқда. Жумладан, ўтган 2021 йил ва жорий йилдан бошлаб вилоятда фаолият юритаётган ногиронлиги бўлган шахслар жамиятлари ҳамда 5 та миллий-маданий марказлар бўлимларининг раҳбар-ходимларини давлат субсидияси орқали ойлик иш ҳақлари билан таъминлаш ишлари ҳам йўлга қўйилган.

Мажлисда Жамоат фонди томонидан нодавлат ташкилотларга субсидия ажратиш тартиб-таомиллари, ажратилган субсидия маблағларининг миқдори, уларни белгиланган сметаларга мувофиқ сарфланиши юзасидан қўйиладиган талаблар ҳамда маблағларнинг мақсадли сарфланишини мониторинг қилиш тартиби хусусида батафсил тушунтиришлар берилди.

Жамоатчилик муҳокамасида жорий йилнинг 4-8 июль кунлари давлат раҳбарининг топшириғига асосан вилоятимизда фаолият юритаётган
ННТлар ва фуқаролик жамияти институтларининг ривожланиш муаммоларини ўрганиш мақсадида республика ишчи гуруҳининг
Андижон вилоятига ташрифи амалга оширилганлиги ва ишчи гуруҳи аъзолари томонидан мониторинг ишлари олиб борилганлиги таъкидланиб, ўтказилган мониторинг давомида вилоятда ногиронлар, кўзи ожизлар, карлар ва заиф эшитувчи фуқаролар тўғрисида маълумотлар таҳлил қилинганлиги,
улар учун яратилган шарт-шароитлар, бу борада амалга оширилаётган ишлар билан бирга, ўрганилган объектларда бир қатор камчилик ва муаммолар мавжудлиги аниқланганлиги ҳақида атрофлича фикр юритилди.

Йиғилиш давомида бўлиб ўтган бахс-мунозаралар, муҳокамалар ва савол-жавобларда жамоатчилик муҳокамаси иштирокчилари томонидан соҳадаги мавжуд камчиликлар, юзага келган муаммоларни бартараф этишга қаратилган аниқ таклиф ва амалий тавсиялар илгари сурилиб, келгусида амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, келгусида ўтказиладиган йиғилишда вилоятда фаолият юритаётган миллий-маданий марказлар бўлимлари томонидан 2022 йил якунлари бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисидаги масалани мухокама этишга келишиб олинди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси