Андижонда “Жамоат ташкилотлари боғи” барпо этилди

Аввал хабар қилганимиздек, жойларда ЎзННТМА ҳудудий бўлинмалари ҳамда ННТлар иштирокида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш акциялари ташкил этилмоқда.

Ана шундай акциялар ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан жуда катта иштиёқ билан олиб борилмоқда.

Хусусан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Андижон вилоят бўлинмаси, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди билан ҳамкорликда Асака туманидаги Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти “Асака қалб кўзи” ўқув ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудига манзарали ва мевали дарахтлар экилди.

Шунингдек, Ўзбекистон “ВЕТЕРАН” жангчи-фахрий ва ногиронлари Бирлашмаси Андижон шаҳри бўлинмаси ҳамкорлигида  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Андижон вилоят бошқармаси биноси ҳудуди ҳам кўкаламзорлаштирилди.

Қолаверса, вилоятдаги ННТлар таълим масканлари атрофини ҳам яшил ҳудудга айлантиришга астойдил бел болаганлар. Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институти ва Андижон шаҳар педагогика коллежи ҳудудига ҳам манзарали кўчатлар экилди. Ниҳолларни талабалар ва ННТлар вакиллари ҳамкорликда парвариш қиладиган бўлдилар.

ННТлар вакиллари маҳаллалардаги эҳтиёжманд хонадонларни ҳам назардан четда қолдиришмаяпти.

ЎзННТМА ҳузуридаги жамоат фонди маблағлари ҳисобидан ҳарид қилинган мевали дарахт кўчатлари "Маҳалла" ҳайрия жамоат фондининг Андижон шаҳар ва туман бўлинмаси билан ҳамкорликда Андижон шаҳридаги Боғишамол даҳаси ҳамда Андижон туманидаги “Чорбоғ” маҳалласида яшовчи “Темир дафтарга” киритилган фуқароларнинг томорқаси ва яшаш хонадони атрофига ўтқазилди.

Қувонарлиси, Андижон тумани ҳокимлиги, 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 26-умумтаълим мактаби жамоаси билан ҳамкорликда тумандаги “Янгиобод” МФЙ ҳудудида “Жамоат ташкилотлари боғи” барпо этилди.

Ушбу боғ атрофини янада обод қилиш, уни анвойи гуллар билан тўлдириш борасида ҳам режалар қилиниб, вилоятдаги жамоат ташкилотлари номидан яна кўчатлар экишга келишиб олинди.

Бугунги мазкур ҳайрли ишлар ҳали ҳам давом этяпти. Диққатга сазовор томони, кўчатлар шунчаки эмас, балки меҳир билан, яхши ниятлар билан экиляпти. Зеро, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш ва табиий ресурслар муҳофазаси ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

 

ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси