ЎзННТМА ва ННТларни қўллаб-қувватлаш жамаот фонди ходимларидан иборат ишчи гуруҳ вакиллари куни кеча Андижон вилоятида ННТлар учун зарурий шарт-шароитларни яратиш, лойиҳалар доирасида қилинган ишларни ўрганиш бўйича мониторинг тадбирларини ўтказишди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 6 майдаги “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини 2023 ва 2024 йилларда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Андижон шаҳридаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да ахборот-ресурс марказини ташкил этиш бўйича мавжуд ҳолат ўрганилди.
Ўрганишлари давомида ННТларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раҳбари С.Халилов ва ЎзННТМА бўлим бошлиғи С.Мамановлар томонидан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ЎзННТМА Андижон вилоят ҳудудий бўлинмаси томонидан амалга оширилган ишлар ҳам жойига чиқиб ўрганилди.
Жумладан, Андижон давлат тиббиёт институти талабалар турар жойида экилган кўчатларнинг бугунги кундаги ҳолати кўздан кечирилди. Бундай амалий ишлар мунтазамлигини таъминлаш келажак авлод тақдирига даҳлдорлиги билан аҳамиятли эканлиги қайд этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида ўқув курсларида малака оширган вилоятдаги ННТ вакиллари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда сўз олганлар малака ошириб қайтган ННТлар раҳбарлари олган билимларини ўз фаолиятида қўллаётгани, янги технологиялар, усуллар ёрдамида грант лойиҳаларини тайёрлаб, ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда фаоллиги ортганлигини қайд этишди.
Очиқ мулоқот давомида ННТларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги муҳим лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.