Бугун Андижон шаҳридаги “Маърифат уйи” (“ННТлар уйи”) мажлислар залида Андижон вилоятида фаолият юритаётган Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси аъзоларининг фаолиятини ўрганиш, мавжуд муаммолор таҳлили ва таклифлар тайёрлашга қаратилган семинар-тренинг ўтказилди.
Семинар Ассоциациянинг 2022 йил биринчи чорак учун тадбирлар режасига мувофиқ Ассоциация Ижро этувчи Девони ҳамда Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан вилоят адлия бошқармаси билан ҳамкорликда онлайн ва офлайн шаклларда ташкил этилди.
Семинарда ЎзННТМА Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Б.Машарипов, вилоят адлия бошқармаси, Ассоциация Ижро этувчи Девони ходимлари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси аъзолари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фонди, давлат ҳокимияти ва вилоятдаги ННТ вакиллари иштирок этди.
Семинарда ННТлар фаолиятида учраётган муаммолар, хусусан ЎзННТМА ҳузуридаги Жамоат фондига тақдим этилган лойиҳалардаги камчиликлар, вилоятида фаолият юритаётган ННТлар томонидан грант лойиҳаларини амалга ошириш кўрсаткичлари ҳамда грантлар учун ижтимоий аҳамиятли лойиҳалар тайёрлаш ва тақдим қилиш тартиблари тўғрисида маърузалар тингланди.
Маърузачилар томонидан таъкидланганидек, ЎзННТМА томонидан ННТларининг умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, мамлакатда ва ҳудудларда нодавлат секторини ривожлантиришга кўмаклашиш, шунингдек ННТ ва давлат органлари ўртасида ижтимоий шериклик тамойилларига асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда вилоятидаги ННТларнинг 56 таси Ассоциация аъзолигига қабул қилинди. “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”га жойлаштириш учун тависиянома бериш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан вилоятдаги 20 дан ортиқ жамоат ташкилотлари “ННТлар уйи”га жойлаштирилди.
Қолаверса, 2021 йилда жамоат ташкилотларининг ижтимоий аҳамиятли лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ассоциация қошидаги Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловига Андижон вилоятидан 16 та ННТ ўз лойиҳаларини тақдим этган бўлиб, уларнинг 3 таси ғолиб деб топилди.
Юқоридаги йўналишларда амалга оширилаётган ишлар билан биргаликда, Ассоциация аъзоларининг фаолиятини мунтазам ўрганиб бориш, мавжуд муаммолор таҳлили ва уларнинг ечими билан боғлиқ таклифлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди.
Семинарда ЎзННТМА Кенгашига тақдим этиш учун ННТлар фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари олдида турган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш борасида таклифлар ишлаб чиқилди.
ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси