22 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Марказий Осиё мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари — якдил овоз” мавзусида минтақавий мулоқот бўлиб ўтди. Мулоқотда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда 200 га яқин маҳаллий, хорижий ва халқаро нодавлат ташкилотлари вакиллари, соҳа экспертлари онлайн ва офлайн форматда иштирок этишди.
Тадбир “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Мақсад — Марказий Осиёнинг ҳар бир мамлакатидаги фуқаролик жамияти институтлари ва ННТлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга, минтақадаги энг фаол ННТлар фаолиятини таҳлил қилишга, келгуси ҳамкорлик учун механизмлар ва таклифлар ишлаб чиқишга ҳамда муаммоларини муҳокама қилишга минтақа мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтларини жалб қилиш.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ҳамкорлик ва ишончни мустаҳкамлашнинг ижобий тенденцияси ҳосил бўлмоқда. Умуман, вазият 2016 йилгача бўлган давр билан солиштирганда анча яхшиланган. Бу – барчамизнинг катта ютуғимиз, бу – барча мамлакатларнинг қўшган ҳиссаси. Экспертлар ҳамжамияти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистоннинг янги минтақавий йўналиши эълон қилингани трансформациялар учун намуна бўлганини, шу жумладан бу минтақа давлатлари раҳбарлари ўртасидаги муносабатлар жадаллашишига, товар айирбошлаш ҳажми, амалга оширилаётган қўшма лойиҳалар сони ошишига хизмат қилганини эътироф этмоқда.
Қайд этилдики, фуқаролик жамияти институтларининг мулоқотини ташкил этиш, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Корея Республикасига ташрифидан сўнг, икки мамлакатнинг юқори даражадаги ҳамкорлигининг мантиқий давомидир. Бугун Ўзбекистон ва Корея стратегик ҳамкорлигига 15 йил бўлди, дипломатик алоқалар ўрнатилганига эса 29 йил. Эндиликда фуқаролик жамияти соҳасида ҳам ташаббусларнинг амалга оширилиши билан ўзаро алоқаларни янада қўллаб-қувватлаш мақсади кўзланган.
Мулоқот чоғида минтақа мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтларининг ҳуқуқий ва институционал жиҳатлари, шу жумладан молиявий, ННТларнинг барқарор ривожланиш омиллари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ҳамкорлик учун мавжуд платформаларни кўриб чиқишди.
Ассоциациялар, жамғармалар, ривожланиш марказлари ва Марказий Осиёнинг жамоат тузилмалари вакиллари ҳамда экспертлари ННТларнинг илғор тажрибалари билан ўртоқлашди. Бунда уларнинг фаолиятида ягона стандартларни, тенденцияларни аниқлаш ва илгари суриш, минтақавий муаммолар бўйича умумий ечимлар, тавсияларни биргаликда ишлаб чиқиш, ҳамкорликнинг барқарор ва инклюзив шаклларини қўллаш учун альянс тарзидаги якдил овозини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.
Манба: “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати