Бугун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Унда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг ҳудудий бўлинмалари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш марказининг профессор-ўқитувчилари ҳамда вилоятларда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди.
Қайд этилдики, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА) 1300 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотларини бирлаштирган республикамиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири ҳисобланади. Мазкур Ассоциация мамлакатимизда эркин ва очиқ, қучли фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича давлат ва жамият қурилиши, демократик ўзгаришларнинг устивор вазифаларини амалга ошириш учун нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташкилий ва интеллектуал ресурсларини бирлаштиради.
Шундан келиб чиқиб, Ассоциация мунтазам равишда нодавлат нотижорат ташкилотларини ривожлантириш, уларнинг ходимлари ва раҳбарларининг соҳага оид билмларини бойитиш мақсадида ўқув семинарлари, малака ошириш курсларини ташкил этиб келади.
Онлайн ва офлайн тарзда ўтган навбатдаги семинар-тренинг жорий йилда ЎзННТМА ҳамда Юристлар малакасини ошириш маркази ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг ҳуқуқий билимларини янада ошириш, қонунчиликдаги, қолаверса, соҳадаги янгиликлардан, ННТларга яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлардан хабардор қилиш мақсадида ташкил этилди.
Семинарда нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятининг иқтисодий асослари, нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотларининг интеллектуал мулк соҳасига алоқадор низоли масалалар ва улар ҳал этиш тартиби Юристлар малакасини ошириш марказининг малакали ўқитувчилари томонидан батафсил тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, фуқароларга, ННТларга ва бошқа жамоат ташкилотларига ҳуқуқий кўмак бериб келаётган “Мадад” муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Т.Турсунов нодавлат нотижорат ташкилотларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш ва улар томонидан амал қилиниши зарур бўлган ҳуқуқий нормалар тўғрисида маълумот берди.
Семинар давомида ННТлар ва уларнинг фаолиятида юзага келаётган муаммоларнинг ҳуқуқий ечимлари, уларни қонуний бартараф этиш масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди. Ва ўз навбатида республикамизнинг турли ҳудудларидан онлайн тарзда иштирок этаётган нодалват нотижорат ташкилотлари вакиллари ўзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олишди.
Тадбир якунида ЎзННТМАга аъзо бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларига аъзолик гувоҳномалари топширилди.
ЎзННТМА Ахборот маркази