ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
2017 — 2021 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ БЕШТА УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИ «ИЛМ, МАЪРИФАТ ВА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙИЛИ»ДА АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқ манфаатлари йўлида изчил давом эттириш мақсадида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинган ҳолда тайёрланди.
Муҳокамалар жараёнида халқимиз, фуқаролик жамияти институтлари фаоллик кўрсатиб, мингдан ортиқ теле- ва радиоканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирларда улар билан бевосита мулоқотлар ташкил этилди, фуқароларимиз билдирган таклиф-тавсиялар тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилинди.
Хусусан, жамоатчилик муҳокамаси доирасида уч мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди, улар асосида Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, кўпчилик таклифлар муҳокама учун эълон қилинган Давлат дастури лойиҳасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга ошириш жараёнларини такомиллаштиришни назарда тутади.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида:
1. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида:
2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи «Электрон парламент» тизими жорий этилсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида йил якунига кўра қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳоланганини ва унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш амалиёти шакллантирилсин;
2020 йилда Самарқанд вилояти халқ депутатлари Кенгашининг фаолиятини «намунали Кенгаш» сифатида йўлга қўйиш бўйича амалий ташкилий чора-тадбирлар кўрилсин ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти жорий қилинсин;
2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилинсин;
2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилсин;
2020 йил 1 июлга қадар «Mening fikrim» веб-порталининг мобиль иловасини ишга тушириш чоралари кўрилсин, шунингдек, веб-порталга келиб тушаётган мурожаатларни депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиш ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш бўйича «йўл харита»си, Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегияси қабул қилинишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида:
2020 йил 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилсин;
2020 йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилсин;
2020 йил 1 ноябрга қадар одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институти бекор қилинсин;
2020 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилинсин, шунингдек, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилсин;
2020 йил 1 декабрдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилсин;
2020 йил 1 декабрдан ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган жаримани суд ва ваколатли идораларда иш кўрилгунга қадар ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш тизими жорий этилсин.
Давоми:https://lex.uz/docs/4751561