ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
2017 — 2021 ЙИЛЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ БЕШТА УСТУВОР ЙЎНАЛИШИ БЎЙИЧА ҲАРАКАТЛАР СТРАТЕГИЯСИНИ «ИЛМ, МАЪРИФАТ ВА РАҚАМЛИ ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ЙИЛИ»ДА АМАЛГА ОШИРИШГА ОИД ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни халқ манфаатлари йўлида изчил давом эттириш мақсадида 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳаси кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилинган ҳолда тайёрланди.
Муҳокамалар жараёнида халқимиз, фуқаролик жамияти институтлари фаоллик кўрсатиб, мингдан ортиқ теле- ва радиоканаллар орқали тўғридан-тўғри эфирларда улар билан бевосита мулоқотлар ташкил этилди, фуқароларимиз билдирган таклиф-тавсиялар тегишли соҳа мутахассислари ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилинди.
Хусусан, жамоатчилик муҳокамаси доирасида уч мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди, улар асосида Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Шунингдек, кўпчилик таклифлар муҳокама учун эълон қилинган Давлат дастури лойиҳасидаги чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга ошириш жараёнларини такомиллаштиришни назарда тутади.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномаси, парламент палаталари қўшма мажлиси ва ташкилий йиғилишларида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида:
1. 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури (кейинги ўринларда — Давлат дастури) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида:
2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида фуқароларнинг Интернет тармоғидаги мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, сайловчилар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида электрон портал ва мобиль иловадан фойдаланиш имконини берувчи «Электрон парламент» тизими жорий этилсин;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида йил якунига кўра қабул қилинган ҳар бир қонун халқ томонидан қандай баҳоланганини ва унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш амалиёти шакллантирилсин;
2020 йилда Самарқанд вилояти халқ депутатлари Кенгашининг фаолиятини «намунали Кенгаш» сифатида йўлга қўйиш бўйича амалий ташкилий чора-тадбирлар кўрилсин ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида Кенгаш сўрови институти жорий қилинсин;
2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга татбиқ қилинсин;
2020 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш мақсадида ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилсин;
2020 йил 1 июлга қадар «Mening fikrim» веб-порталининг мобиль иловасини ишга тушириш чоралари кўрилсин, шунингдек, веб-порталга келиб тушаётган мурожаатларни депутатлар, мутахассислар ва кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилиш ташкил этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан парламентнинг қонун ижодкорлиги ва назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни ишлаб чиқиш бўйича «йўл харита»си, Аҳолининг электорал маданиятини юксалтириш концепцияси ҳамда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегияси қабул қилинишини таъминлаш тавсия этилсин.
3. Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида:
2020 йил 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилсин;
2020 йил 1 апрелдан бошлаб 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида доимий истиқомат қилаётган ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш тартиби жорий этилсин;
2020 йил 1 ноябрга қадар одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанциялари ислоҳ қилиниб, назорат тартибида иш юритиш институти бекор қилинсин;
2020 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик соҳасидаги ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят турлари декриминализация қилинсин, шунингдек, божхона соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузиш жиноятини биринчи марта содир этган, товар учун тўловни ихтиёрий равишда тўлаган ва божхона расмийлаштирувини амалга оширган шахсларни жиноий жавобгарликдан озод қилиш тартиби жорий этилсин;
2020 йил 1 декабрдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига ўтказилсин;
2020 йил 1 декабрдан ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси санкциясида назарда тутилган жаримани суд ва ваколатли идораларда иш кўрилгунга қадар ихтиёрий тўлашни рағбатлантириш тизими жорий этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан тизимлаштирилган «Судлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири, шунингдек, судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятини тартибга солувчи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодекслари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчаларни киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилсин.
4. Кенг жамоатчилик истакларини ва халқаро эксперт жамоатчилиги тавсияларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:
2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмаслигини кўзда тутувчи тартибни жорий этиш;
Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи ва республиканинг бошқа минтақаларида доимий пропискага эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари томонидан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги янги қурилган уйларда кўчмас мулк олди-сотдиси шартномаларини расмийлаштириш учун давлат божининг алоҳида ставкасини бекор қилиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
а) 2020 йил 1 апрелга қадар қонун ҳужжатларига мазкур банддан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин, унда, шу жумладан қуйидагиларни назарда тутсин:
доимий пропискага қўйишда Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларига риоя этиш бўйича талабларни;
пропискага қўйиш билан боғлиқ жараёнлар ва уларни «ягона дарча» тамойили асосида амалга ошириш механизмлари рақамлаштирилишини таъминлашни;
ҳудудларда олий таълимнинг талаб юқори бўлган йўналишларида ўқитишни ташкил этиш, шу жумладан Тошкент шаҳрида жойлашган етакчи олий таълим муассасаларининг филиалларини очишни;
б) Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқишда республика аҳолиси учун Тошкент шаҳри билан бир қаторда қўшимча равишда «ўзига тортувчи марказлар»ни яратиш мақсадида табиий ва ижтимоий-иқтисодий салоҳиятга эга энг йирик шаҳарларни белгилашни назарда тутсин.
5. Иқтисодиётни ривожлантириш ва инвестицияларни фаол жалб қилиш соҳасида:
2020 йилдан бошлаб пахта хом ашёси ишлаб чиқариш ва мажбурий сотиш режасини, унинг нархини давлат томонидан белгилаш амалиёти бекор қилинсин ва давлатга мажбурий ғалла сотиш ҳажми 25 фоизга камайтирилсин;
2020 йилда солиқ тўловчилар томонидан ортиқча тўланган солиқ суммаси белгиланган муддатда қайтарилмаган ҳолда ушбу сумма учун солиқ тўловчиларга бюджет ҳисобидан Марказий банкнинг асосий ставкасига тенг миқдорда фоизлар тўлаш ҳамда ички бозорда сотилган маҳсулот бўйича қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартиби самарали йўлга қўйилсин;
2020 йилда лицензиялар ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатлар камида икки бараварга қисқартирилсин;
2020 йил 1 июндан бошлаб давлат улушига эга бўлган банклар трансформацияси бўйича «йўл харита»ларини амалга оширишга киришилсин, шу жумладан аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга кўрсатилаётган банк хизматлари сифатини ошириш ҳамда замонавий чакана банк хизматлари турларини кўпайтириш чоралари кўрилсин;
2020 йил 1 июнга қадар экспортни олдиндан молиялаштиришга қаратилган Экспорт-кредит агентлиги ташкил қилинсин;
2020 йилда «рақамли маркировка ва онлайн касса» лойиҳасини ўз вақтида ва тўлиқ бажариш ҳамда «Э-омбор» товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш бўйича амалий чоралар кўрилсин;
2020 йил 1 июндан бошлаб маҳаллий экспорт қилувчиларга юкларни автомобиль ва ҳаво транспорти орқали экспорт қилиш харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш, шунингдек, тадбиркорларнинг инфратузилма барпо этиш бўйича харажатларининг бир қисми учун компенсация тўлаш механизмлари жорий этилсин;
2020 йилда камида 800 мингта кенг полосали Интернет портлари яратилсин ва 12 минг км оптик толали алоқа линиялари ётқизилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Марказий банки, Ҳисоб палатаси, Савдо-саноат палатасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги, «Давлат қарзи тўғрисида»ги ва «Расмий статистика тўғрисида»ги қонун лойиҳалари, Автомобиль йўлларини ривожлантириш ва Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш стратегиялари, Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва Сув хўжалигини ривожлантириш концепциялари, Қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
икки ой муддатда ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш курсларини ташкил этиш бўйича «йўл харита»сини ва мазкур курсларнинг битирувчиларига энг илғор лойиҳа учун грантлар ажратиш тартибини тасдиқласин;
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган 30 та коллеж базасида, шунингдек, Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида камида биттадан «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказларини ташкил этиб, уларда, биринчи навбатда, ишсизлар ва камбағал оилалар аъзоларининг тадбиркорлик асослари бўйича ва касбга ўқитилишини таъминласин.
Худди шу каби мономарказлар ва касбга тайёрлаш марказлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг шаҳар ва туманларида ҳам босқичма-босқич ташкил этилиши таъминлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнесни ривожлантириш агентлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп болали аёллар, ишсизлар, ёшлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган соҳалар, хусусан тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишлар бўйича касбга ўргатиш курсларини ташкил этиш чораларини кўрсин.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда «Маҳалла гузарларида касбга ўқитиш дастури»ни ишлаб чиқиб, талабгорлар рўйхатини шакллантирсин.
Белгилансинки, касбга ўргатиш курслари доирасида ўқитилган ёлғиз ва кўп болали аёллар, ишсизлар ва ёшлар каби аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маблағ ажратилади.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда:
бюджет маблағлари ҳисобидан илғор тадбиркорлик лойиҳаларига грантлар ажратиш тизимини йўлга қўйсин;
2020 йил 1 майга қадар ҳар бир ҳудудда камида биттадан «Энг яхши касбга тайёрлаш ўқув дастури» бўйича нодавлат ташкилотлари ўртасида танлов ўтказиб, унинг ғолибларига ўз ишини ташкил қилиш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан грант ажратиш тартибини ишлаб чиқсин.
9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда тадбиркорлик яхши ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудлар атрофида қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва бўш турган ер майдонларини аниқласин ҳамда уларда кичик саноат зоналарини ташкил этиш ва уларни инфратузилма билан таъминлаш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш чораларини кўрсин.
Белгилансинки:
янги ташкил этиладиган кичик саноат зоналарига барча зарур инфратузилмаларни етказиб бериш учун кичик саноат зоналарини бошқариш дирекцияларига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан 100 миллиард сўм ажратилади;
янги ташкил этилган кичик саноат зоналаридаги ер участкалари тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда хусусийлаштирилиб берилади ва бундан тушган маблағлар кичик саноат зоналарини бошқариш дирекциялари томонидан янги кичик саноат зоналарини барпо этишга сарфланади.
10. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда ҳар бир туманда деҳқончилик билан шуғулланиш истагини билдирган аҳоли рўйхатини шакллантирсин, қишлоқ хўжалиги оборотидан чиқиб кетган ерларни талабгорларга тақсимлаб берсин ва уларни кооперацияларга бириктирсин. Бунда, мазкур шахсларга қонунчиликда назарда тутилган имтиёзлар тақдим этилсин ва ерларни оборотга қайтариш учун барча зарур чора-тадбирлар кўрилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнесни ривожлантириш агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда бизнесга ҳамда тадбиркорликни бошлаш истагидаги фуқаролар ва ўзини ўзи банд қилмоқчи бўлганларга сервис кўрсатувчи интерактив мобиль иловалар яратиш учун танловлар эълон қилиб, энг яхши лойиҳаларга грантлар ажратиш тизимини йўлга қўйсин.
Олдинги таҳрирга қаранг.
12. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, шунингдек, Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотларни жалб этган ҳолда 2020 йил 1 октябрга қадар қуйидагиларни назарда тутувчи Камбағалликни қисқартириш дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин:
(12-банднинг биринчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПФ-5975-сонли Фармони таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 27.03.2020 й., 06/20/5975/0377-сон)
камбағаллик тушунчасини, уни ҳудудий хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш методологияси ва мезонларини ишлаб чиқиш;
аҳолида, айниқса, ёшлар ва аёлларда бизнес юритиш ва тадбиркорликнинг замонавий кўникмаларини шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
энг аввало, жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш имконини берувчи тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этиш;
тадбиркорлик субъектларига молиявий ресурслардан, шу жумладан микромолиялаштириш хизматлари ва давлат харидларидан фойдаланишда кенг имкониятлар бериш учун шароит яратиш;
банд бўлмаган аҳолини қайта тайёрлаш ва ишсиз фуқароларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича кенг қамровли дастурларни амалга ошириш.
13. Белгилансинки, 2020 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектларига лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни беришда кадрларнинг профессионал малакаси, тақдим этилган ҳужжатлар ва дастурларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга, бино ва иншоотларнинг — санитария-эпидемиологик талабларга ва ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермаслиги сабабли рад этишга йўл қўйилмайди.
Бунда, ваколатли давлат органлари тадбиркорлик субъектларига малакали кадрларни излаш, ҳужжатлар ва дастурларни қайта ишлаш учун мутахассисларни жалб қилиш ҳамда лицензиялар ва рухсат этиш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш учун бошқа зарур шарт-шароитларни яратишда ёрдам беришлари лозим, талабгорнинг таклиф этилган ёрдамни рад қилиш ҳоллари бундан мустасно.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги уч ой муддатда ушбу бандда белгиланган тартибни жорий этиш бўйича таклифларни киритсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда «UzTrans» ягона интерактив ахборот тизимида ташувчилар фаолиятини мониторинг ва назорат қилишнинг замонавий усулларини қўллашни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига:
юк ташишни амалга оширишнинг бошланиши тўғрисида хабардор қилиш ва юкларни халқаро ташишни амалга оширувчи транспорт воситаларини «онлайн» рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этиш орқали автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишлар бўйича ташишни амалга ошириш;
жисмоний шахсларга автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқини бериш бўйича таклифларни киритсин.
15. Ижтимоий ривожланиш соҳасида:
2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизимини жорий этган ҳолда, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасининг 60 фоизга етказилиши таъминлансин;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг юкламаси мақбуллаштирилсин, шунингдек, олий таълим муассасаларида асосий мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сони икки бараварга қисқартирилсин;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиш бўйича давлат буюртмаси параметрлари босқичма-босқич икки бараварга оширилсин;
2020 йилда камида 5 та олий таълим муассасасини конкурс асосида танлаб, нуфузли хорижий олий таълим даргоҳлари билан ҳамкорликда уларни трансформация қилиш чоралари кўрилсин;
2020 йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитларни яратиш чоралари кўрилсин;
2020 йил 1 сентябрга қадар илм-фаннинг ишлаб чиқариш билан фаол интеграциялашувини таъминлаш мақсадида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизми тубдан қайта кўриб чиқилсин;
2020 йилда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этишга тайёргарлик ишлари якунига етказилсин ва келгуси йилда ушбу тизим тажриба тариқасида Сирдарё вилоятида ишга туширилсин;
2020 йилда давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари ҳамда тиббиёт буюмлари билан таъминланиши ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга кўпайтирилсин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида бажарилишини, шу жумладан Уй-жой кодексининг янги таҳрири, Экология кодекси лойиҳаси, «Сув таъминоти ва оқава хизматлар тўғрисида