Ўзбекистон Республикаси Президентининг
Қарори
2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури тўғрисида
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 32-сон, 397-модда)
Қайд этиб ўтилсинки, «Соғлом она – соғлом бола» оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш Миллий моделини, «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш доирасида республикада аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасида тиббий ёрдам кўрсатаётган тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси ва кадрлар салоҳиятини кучайтиришга, замонавий ташхис усулларини жорий этиш, аёллар, болалар ва ўсмирлар касалликларининг олдини олиш ва даволашга йўналтирилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти.
2009 — 2013 йилларда республикада ҳомиладор ва туғадиган хотинларга тиббий ёрдам кўрсатувчи 227 та муассаса замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди, Андижон, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида замонавий перинатал марказлари ташкил этилди, қишлоқ жойлардаги 1,5 млн дан ортиқ ҳомиладор аёллар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан поливитамин комплекслари билан таъминланди.
Натижада, кейинги 5 йил мобайнида нонормал ривожланган болалар туғилиши 1,3 баробарга камайди. 6 — 15 ёшгача бўлган болалар ўртасида ўткир респиратор вирус инфекциялари билан касалланиш — 9,7 %га, пневмония билан — 49,1 %, бронхит билан — 32,8%, сколиоз билан касалланиш —32,7 %га пасайди.
Шу билан бирга, туғма ва ирсий касалликларнинг олдини олиш бўйича профилактика ва даволаш-диагностика комплекс чора-тадбирларини янада кучайтириш, айниқса, қишлоқ жойларда оналар ва болалар саломатлиги патронаж тизимини такомиллаштириш, педиатрия ва туғруққа тиббий ёрдам кўрсатувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш талаб этилади.
«Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан ҳамда ҳомиладор ва туғадиган хотинларга тиббий ёрдам кўрсатиш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, ўсиб келаётган соғлом авлодни камол топтиришда соғлиқни сақлаш тизимининг роли ва масъулиятини ошириш бўйича мамлакатимизда доимий равишда ўтказиб келинаётган ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш мақсадида:
- 2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича қуйидагиларга йўналтирилган Давлат дастури 1-иловага* мувофиқ маъқуллансин:
аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш тизимининг барча босқичларида оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича сифатли тиббий хизматлардан кенг ва бир хил фойдаланишни таъминлаш;
нонормал ривожланган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш сифатини ошириш, ногирон болалар ва ўсмирларни соғломлаштириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли қатнашишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;
тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида, айниқса, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғин муассасаларида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш соҳасидаги тиббий кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш;
оналар, болалар ва ўсмирларга малакали, махсус ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш борасида замонавий инфратузилмани янада ривожлантириш;
аҳолини оналар, чақалоқлар, болалар ва ўсмирларни парваришлаш бўйича ўтказилаётган тадбирлар ва дастурларда иштирок этишга фаол жалб этиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, соғлом ва аҳил оила қуриш афзалликларини тарғиб қилиш;
соғлиқни сақлашнинг ахборот тизимини такомиллаштириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишда идоралараро ҳамкорлик ва фаолиятни мувофиқлаштириш, мониторинг қилиш ва баҳолаш.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, барча вазирликлар, идоралар ва ижро этувчи ташкилотлар раҳбарлари зиммасига Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 13 апрелдаги ПҚ-1096-сонли қарори билан ташкил этилган Ҳукумат комиссияси Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича Давлат дастурини амалга ошириш Ҳукумат комиссияси этиб қайта ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
*1 ва 2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
- Ҳукумат комиссиясининг зиммасига:
ҳар бир вилоят, туман ва аҳоли пунктида Давлат дастурида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шунингдек уларнинг сўзсиз бажарилиши устидан мунтазам назорат ўрнатиш ва мониторинг олиб боришни таъминлаш;
аҳоли, энг аввало ёшлар орасида тиббиёт ва таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ва Хотин-қизлар қўмитаси, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда соғлом оилани шакллантириш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш масалалари бўйича «Соғлом она – соғлом бола» мақсадли вазифаларини амалга ошириш доирасида кенг тарғибот ва тушунтириш ишларини ташкил этиш ва олиб бориш;
Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг тизимли, собитқадам ва самарали амалга оширилишини таъминлашда барча манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ҳудудий бошқарув органлари фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш;
2014 — 2018 йилларда Ўзбекистонда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш Давлат дастурининг ҳар бир вилоятда, шаҳар ва туманларда бажарилиши ҳолати ва унинг бориши тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар чоракда тинглаш ва натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар киритиш вазифаси юклансин.
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, компаниялар, уюшмалар ва Давлат дастурини амалга оширишда иштирок этаётган бошқа ташкилотлар, икки ҳафта муддатда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича ҳудудий ва тармоқ дастурларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
- Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» жамғармаси, «Камолот» Ёшлар ижтимоий ҳаракати бир ой муддатда аҳоли, айниқса никоҳдан ўтадиган аёллар ва ёшлар орасида соғлом оила қуриш, соғлом фарзандлар туғиш ва тарбия қилиш масалалари бўйича тизимли асосда тушунтириш ишларини ташкил этиш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг қўшма дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
- Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларини кенг жалб қилган ҳолда, тасдиқланган Давлат дастурининг мақсад ва вазифаларини кенг ёритиш, унинг амалга оширилишини, тегишли давлат бошқаруви органлари ва унинг ҳудудий бўлинмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилишга, ўсиб келаётган авлоднинг жисмонан соғлом туғилиши ва маънавий етук бўлиб тарбияланишига қўшаётган аниқ ҳиссасини мунтазам ёритиб боришни таъминласин.
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 13 апрелдаги ПҚ-1096-сонли қарорининг 2-банди ва унинг иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
- Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
2014 йил 1 август,
ПҚ-2221-сон