16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни”

Андижон Давлат университетида 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” муносабати “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз” деб номланган маданий-маърифий тадбир ҳамда концерт дастури ўтказилди.

Тадбирда вилоятда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари, хусусан рус, арман, қирғиз, корейс ва уйғур миллий-маданий марказлар вакиллари, Андижон Давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад, юртимизда хукм сураётган тинчлик, осойишталик ва миллатлараро тотувликни ҳамда диний бағрикенгликни кенг тарғиб этиш, ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини янада кучайтириш ҳамда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини яратишдан иборат.

— БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 1997 йилдан буён бутун дунёда ҳар йили 16 ноябрь – “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонлаб келинади, шунингдек бизнинг мамлакатимизда ҳам бу сана бирдамлик, ўзаро меҳр-оқибат рамзи сифатида байрамона тарзда нишонланади. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойишига асосан, Республиканинг барча ҳудудларида “бағрикенглик ҳафталиги” тадбирлари фаол ва уюшқоқлик билан ўтказилади, - дейди Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси бошлиғи Ф.Атаханов.

Тадбирда миллий-маданий марказлар вилоят бўлимлари қошидаги бадиий ҳаваскорлик гуруҳларининг театрлаштирилган чиқишлари, кўргазмалари ва концерт дастурлари намойиш этилди.


ЎзННТМА Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси