Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси аъзолари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси аъзолари, ННТ ва оммавий ахборот воситалари ходимлари, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Ресурс марказлари, Фукаролик жамияти шаклланишини мониторинг килиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаларининг раҳбар ва ходимлари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлол йилларида бозор иқтисодиётига асосланган, пухта ўйланган ислоҳотлар жараёнида аҳолининг турли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожи учун барча зарур шароитлар яратилганини таъкидладилар.
Мамлакатимизда “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти” сари тамойили ҳаётга изчил жорий этилиши самарасида фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу билан бирга, фуқароларнинг ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси ННТлар фаолиятида янги имкониятларни очди. Концепция доирасида қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги қонун давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, жумладан, тармоқ, ҳудудий дастурларни, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ижтимоий ҳамкорлик асосида ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлайди.
Қонуннинг 18-моддасига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузурида ижтимоий шериклик бўйича жамоат комиссиялари тузилди. Йиғилишда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш, ижтимоий шериклик субъектлари ташаббусларининг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши тартиби, шартлари ва турлари хусусида сўз юритилди. Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги, жамоат ташкилотларига мулкий, ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий кўмак бериш бўйича дастурни ишлаб чиқишга доир масала муҳокама этилди.
Йиғилишда вилоят халқ депутатлари Кенгаши ҳузуридаги Ижтимоий шериклик бўйича Жамоат комиссияси фаолиятининг истиқболли йўналишларини қамраб олган иш режаси белгилаб олинди.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фонди томонидан “Соғлом она ва бола” йилида эълон қилинган давлат грант танловлари тўғрисида ҳудудий ОАВ, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари хабардорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар муҳокамасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. ОАВ, ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун эълон қилинаётган грант танловлари, уларнинг асосий мақсади, тартиби ва уларда иштирок этиш шартлари юзасидан Парламент комиссиясининг ҳудудларга бириктирилган масъул аъзолари сўзга чиқди.
Тадбир якунида хаётий дастурлар ижросида ижтимоий шерикликни кенгайтириш, грант танловларида қатнашиш, муҳим ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни тайёрлашда ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларига услубий ҳамда ахборот-маслаҳатлар бериб бориш буйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.