Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси медиа-холл залида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишда ЎзННТМАнинг роли” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманининг асосий мақсади долзарб ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий, маданий-гуманитар масалаларни ҳал этишда ННТлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясини фаолияти тўғрисида кенг жамоатчилик хабардорлигини ошириш бўлди.

Ҳаракатлар стратериясининг қабул қилиниши мамлакатни ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ривожлантиришнинг барча соҳаларини ривожлантиришга кучли туртки берди. Ҳаракатлар стратегияси, мазмунан, мамлакатимизнинг ва жамиятимизнинг мақсадли йўналтирилган устувор ривожланишини тезлаштиришга ундайдиган яқин беш йиллик ислоҳотларнинг “йўл харитаси” бўлди.

Ҳаракатлар стратегияси доирасида “учинчи сектор”ни янада ривожлантириш ва ҳар томонлама кўмак кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган давр мобайнида бир қатор фуқаролик жамияти институтларининг фаолиятини такомиллаштириш борасида чоралар кўрилди. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида жамоат ташкилотларининг бир қатор янги нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил этиш ва қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги таклифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти (ФЖШМҚМИ), “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон ёшлар ҳаракати, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Эзгу мақсад” жамғармаси, Маданият вазирлиги қошидаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси шулар жумласидандир.

Таъкидлаш лозимки, Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бир қаторда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси фаол иштирок этди.

Ассоциация устав вазифаларидан келиб чиқиб, ўз фаолиятини тўртта асосий йўналишда олиб боради: аёллар ва ёшлар, ҳуқуқий, ижтимоий-гуманитар ҳамда экология, иқтисод ва таълим.

2017 йил учун мўлжалланган тадбирлар режасига мувофиқ Ассоциация ўз эътиборини ННТлар норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратининг шакл ва механизмларини кучайтириш, молиявий, ташкилий-ҳуқуқий, ахборот-услубий ва маслаҳат кўмагини кўрсатиш, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган ҳалқаро ташкилотларнинг филиаллари ва ваколатхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, ОАВ билан ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш бўйича вазифаларни бажаришга қаратди.

Матбуот анжумани иштирокчилари Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда Ассоциация томонидан кўрсатилган кўмаклар тўғрисида хабардор этилдилар.

“Таъкидлаш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ассоциацияга мазкур фармоннинг мақсад ва вазифаларини кенг тарғиб қилиш бўйича маънавий-маърифий ишларни олиб бориш ҳамда Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган тадбирларнинг бориши ва натижалари ҳақида холис ва тўлиқ ахборотни аҳолига тезкор етказиш вазифаси юклатилган” – деб таъкидлайди Ассоциация Кенгаши раиси Абдумаджит Каримов.

Матбуот анжумани давомида спикерлар томонидан таъкидланганидек, Давлат дастурининг бажарилишига “Махалла” фонди, Ёшлар иттифоқи, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти, Савдо-саноат палатаси, Ёзувчилар уюшмаси, Бастакорлар уюмаси ва шу каби бошқа 23 та ННТлар жалб этилган. Қайд этиш лозимки, Давлат дастурига жалб этилган ННТлар сони Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг давлат гранти танловлари ғолиблари ҳисобига ҳам кўпаймоқда. Хусусан, биргина “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ННТлар фаол иштирокини таъминлаш” мавзуидаги эълон қилинган биринчи давлат гранти танлови якунларига кўра 51 та ННТ ғолибликни қўлга киритди.

Қолаверса, Ассоциация 575 та нодавлат нотижорат ташкилотлари саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи йирик фуқаролик жамияти институти эканлигининг ўзи Давлат дастурига жалб этилган ННТлар доираси кенгайишига катта туртки берди.

 “Ассоциация 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширидга ННТларни кенг жалб қилиш борасида ишлар олиб борди. Хусусан, киритилган 50 та таклифдан 11 таси Давлат дастурида ўз аксини топди” – деб таъкидлайди Ассоциация ижрочи директори Отабек Иззатиллаев.

Шу билан бирга, Ассоциация “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва уни муҳокама этишда фаол иштирок этди. Натижада, Олий Мажлис Сенатининг 24-25 августда бўлиб ўтган
XI Ялпи мажлисида мазкур таклифлар маъқулланди.

“Ўзгаришлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига танловлар асосида ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижтимоий фойдали вазифаларни бажариш учун давлат ижтимоий буюртмасини бевосита тақдим этиш ҳуқуқини беради” – деб айтиб ўтди Ассоциация ҳуқуқий йўналиши бўйича Кенгаш раиси ўринбосари, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси Шуҳрат Содиқов.

Кенг жамоатчиликнинг ҳар томонлама ривожланган ва жисмонан соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги масъулиятини ошириш, уюшмаган ёшлар ва аёлларнинг ижтимоий кўникмасини таъминлаш бўйича Ассоциация фаоллари томонидан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилди. Биргина Давлат дастурининг 236-банди ижросини таъминлаш юзасидан “Фаровон юрт” ННТ билан ҳамкорликда ташкил этилган “Фидомиз сенга Ўзбекистон!” шиори остидаги хайрия концертида 4,5 минг нафар одам қамраб олинди.

Ассоциациянинг йил давомидаги асосий вазифаларидан яна бири ёшлар ва аёлларни ҳунармандчиликка, оилавий тадбиркорликка, касаначиликка жалб қилиш учун қулай шароитларни яратишда ҳудудий ННТларга кўмаклашишдан иборат бўлди. Хусусан, Андижон вилояти “Меҳримиз сизга” ННТ томонидан 24 нафар кам таъминланган оилалардаги ишсиз аёллар тикувчиликка ўқитилди.

“Жойларда аёллар ва ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашни оммалаштириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш билан бир қаторда маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни ва оилаларда тизимли муаммоларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилди” – деб қайд этади Ассоциациянинг аёллар ва ёшлар йўналиши бўйича Кенгаш раиси ўринбосари Насиба Миродилова.

Ассоциация, шунингдек ногиронларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишга жойлашишларига кўмаклашиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор қаратди. Масалан, Самарқанд вилояти ногирон аёллар ассоциацяси томонидан “Ёшлик” ва “Чўлқудуқ” маҳаллаларида яшовчи 10 нафар ногирон аёллар ишга жойлаштирилди, “Тошкандий” маҳалласида эса нонвойхона фаолияти ташкил этилди. Бундан ташқари, Ногиронлар жамияти Амударё туман бўлинмаси томонидан кўзи ожизлар учун замонавий кутубхона яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Ассоциация турли комиссиялар ва эксперт гуруҳларидаги иштироки орқали ҳудудий ННТларга, айниқса, ногиронлар жамоат ташкилотларига уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида аниқ ишларни амалга ошириб келмоқда. Мисол учун, Ассоциация Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармойиши асосида ташкил этилган Ногиронларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш комиссияси фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда.

“Ушбу ҳужжатда белгиланган вазифаларни амалга оширишда Ассоциация ҳузурида ташкил этилган ногиронлар масалалари бўйича Маслаҳат Кенгашининг аъзолари ва экспертлари фаол иштирок этдилар. Айни вақтда “Ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони лойиҳаси бўйича Ассоциация томонидан жамоатчилик муҳокамалари ўтказилмоқда” – деб таъкидлади Ассоциациянинг ижтимоий-гуманитар йўналиши бўйича Кенгаш раиси ўринбосари, Ўзбекистон Ногиронлар жамияти раиси Камил Абдуллаев.

Шу билан биргаликда ўтган давр мобайнида Ассоциация ўз эътиборини атроф-муҳит муҳофазасини яхшилаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, саломатлик ва жисмоний тарбия каби масалалар тарғиботига алоҳида эътибор қаратди.

Ассоциация ва ҳудудий ННТлар мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида яшаётган инсонларнинг экологик хавфсизлигини таъминлаш ва муқобил энергия манбаларини жорий этишга кўмаклашиш бўйича тадбирлар амалга оширилди. Мисол учун, Ўзбекистон Экологик Форуми томонидан Жиззах вилоятининг Фориш туманида муқобил энергия ва томчилаб суғоришдан оқилона фойдаланиш бўйича деҳқон-фермерлар учун дала-ўқув майдончаси ташкил этилди.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишга ННТларни кенг жалб этиш мақсадида, Ассоциация томонидан “Халқ фаровонлиги йўлида – биргамиз!” шиори остида кичик грантлар танлови ўтказилди.

Танловнинг асосий йўналишлари сифатида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юридик шахслар, нодавлат тижорат ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш; давлат органлари устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш; мамлакатимизнинг чекка ҳудудларларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, бизнесни самарали ташкил этиш борасида фуқароларнинг амалий кўникмаларини ошириш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламини иш билан таъминлашга кўмаклашиш этиб белгиланди.

“Танловнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида, мамлакатимиздаги етакчи жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат Мустақил экспертлар комиссияси тузилди. Комиссия томонидан 64 та ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар кўриб чиқилиб, шундан 18 таси ғолиб деб топилди. Уларга ажратилаётган маблағларнинг умумий қиймати 90 млн сўмни ташкил этмоқда” - дейди Ассоциация ҳузуридаги Жамоат фонди директори Отабек Ҳусанов.

Жойлардаги ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган халқаро ва хорижий ташкилотларнинг молиявий ресурсларини жалб этиш бўйича Ассоциация томонидан бир қатор ишлар олиб борилди. Мисол учун, Ассоциация ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ўртасида “ННТ фаолиятида ёшларнинг иштироки орқали фуқаролик фаоллигини ошириш” лойиҳаси доирасида ҳудудларда бир қатор тадбирлар ўтказилди.

Франциянинг техник ривожланишга кўмаклашиш агентлиги (АКТЕД)нинг Ўзбекистондаги филиали ҳамкорлигида ННТлар салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳа амалга оширилмоқда.

“Ассоциация ННТлар манфаатини ифода этган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ва идоралараро экспертлар кенгашида ОИВ/ОИТСга қарши курашиш фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича комиссия ишида доимий қатнашиб, тақдим этилган лойиҳаларни кўриб чиқиш ва тасдиқлашда муносиб иштирок этиб келмоқда. Бу борада, ўтган давр мобайнида Ассоциация кўмагида 7 та ННТ Глобал жамғарманинг 304.860 АҚШ доллари миқдоридаги грантларни қўлга киритди” – дея таъкидлади Ассоциация ижроия аппарати гуруҳ раҳбари Санжарбек Рузиев.

ННТларни мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини баҳолаш ва таҳлил қилиш, келажакдаги ишларни ривожлантиришда хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда ННТлар фаолиятини ҳуқуқий тартибга солишда хориж тажрибасини ўрганиш мақсадида, хорижий экспертлар билан бир қатор учрашувлар ўтказилди.

Матбуот анжуманида маърузачилар томонидан Ассоциациянинг ноябрь ва декабрь ойларида бўлиб ўтадиган муҳим тадбирлари ҳақида маълумот берилди. Тадбир давомида Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий ғоялари ва лойиҳалари ярмаркасини ўтказиш, “Ижтимоий тадбиркорлик ва ННТ: Ўзбекистон тажрибаси ва хорижий амалиёт” мавзуида халқаро конференция ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форумининг ҳудудий ва республика босқичларини ўтказиш масалаларини иштирокчилар томонидан муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий форуми – бу давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзига хос мулоқот майдончаси ҳисобланади. Ўтган йилги форумларнинг энг муҳим амалий натижаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ва гуманитар ривожлантиришнинг долзарб масалаларини ҳал этишда ННТлар ва давлат органлари ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган комплекс дастурларнининг қабул қилиниши бўлди” – дейди “Ҳунарманд” уюшмасининг Наманган вилояти бўлинмаси раҳбари Икромжон Каримов.

Юқоридаги ютуқлар билан бир қаторода Ассоциация ва унинг фаоллари томонидан Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилмоқда. Ҳудудларда ва марказда Ассоциациянинг экспертлар гуруҳлари аъзолари иштирокида турли давра суҳбатлари ва муҳокамалар ташкил этилмоқда.

“Сенябрь ойининг ўзидаёқ Ассоциациянинг ҳамкорлари, фаоллари ва экспертлари томонидан 30 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилди ва Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссияга тақдим этилди” – дея таъкидламоқда Хоразм вилояти “Интербилими” ННТ раҳбари Рашида Машарипова.

Матбуот анжумани давомида иштирокчилар молиявий-хўжалик, аудит, бухгалтерия ҳисоби, солиқ ва солиққа тортишни самарали бошқариш бўйича ННТ вакилларини тизимли ўқитиш масалалари билан қизиқдилар.

Шу билан бирга, аҳоли бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлиқ сақлаш, атроф-муҳитни асраш каби соҳаларда, шунингдек аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ислоҳотларда тўлақонли иштирокини таъминлаш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, маданиятлараро мустаҳкам алоқани ўрнатиш, халқимизнинг кўп асрлик тарихий, маънавий-ахлоқий, маданий қадриятларини асраб авайлаш ва мустаҳкамлаш ишларида давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда ННТлар ролини янада кучайтириш масалалари иштирокчилар диққат марказида бўлди.

 

ЎзННТМА

Тошкент шаҳри, тел.: 233-35-26, факс: 233-24-92, Этот адрес электронной почты защищен от спам-ботов. У вас должен быть включен JavaScript для просмотра.

 

ЎзННТМА маслаҳат телефони

(71) 233-35-26;

(71) 233-46-81.

Ноябрь 2024
Дш Сш Чш Пш Жу Шн Яш
28 29 30 31 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 1
Ҳукуқий саволингиз борми? @mail орқали юборинг
2000 қолди